Соғлиғи оғирлашган Мубашшир Аҳмад, мардикордек ишлатилаётган ўқитувчилар, Янги йилнинг биринчи порахўри – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
11 Январь 13309 15 дақиқа
Қамоқда сақланаётган диний олим ва блогер Мубашшир Аҳмаднинг саломатлигидан шикоят қилинди. Омбдусман эса унинг сақланиш ва меҳнат шароитларидан нолимаслигини айтди. Қарийб 20 минг кишини Умра зиёратига ноқонуний юборганлар ушланди. Пайғамбарни ҳақорат қилган шахс 12 кунга қамалди. Самарқандлик аёл янги туғилган чақалоғини ҳожатхонанинг ахлат қутисига ташлаб кетди. Humans’дан ечиб олинган пулларни ким қайтаради? Марказий банк тилга кирди. Шу ва бошқа воқеалар тафсилоти билан Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сони
Мубашшир Аҳмад қамоқда оғир аҳволда(ми?)
Диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ олим Навоийдаги 5-сонли Жазони ижро этиш колониясида саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга қарамай, оғир шароитда сақланаётганини хабар қилди.
Унга кўра, 2025 йилнинг 26 ноябрь куни адвокатлар Турсунов билан учрашган вақтида, маҳкумнинг қон босими бир неча маротаба ошгани, қандли диабет касаллиги оқибатида буйраклари яхши ишламаётгани, оёқлари шишиб кетгани ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлари соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани маълум бўлган.
Қолаверса, ушбу факт адвокатлар томонидан берилган адвокатлик сўровига жавобан 5-сонли Жазони ижро этиш колонияси бошлиғи Маматназаров имзолаган хатда ҳам ўз тасдиғини топган. Яъни, хатда айтилишича, маҳкум 5 ноябрдан буён Қандли диабет II тип, Чап оёқ артрози, Юқори нафас йўллари катари, Ўнг оёқ I бармоқ панарицияси, Қандли диабет II тип инсулинга муҳтож тури, Юрак Ишемик касаллиги бўйича даво муолажаларини олиб келган.
26 декабрь куни адвокатлар Мубашшир Аҳмад билан такроран учрашганда, у хатда кўрсатилган муолажаларнинг бирортасини олмагани, уни фақат тиббий кўрикдан ўтказгани, лекин ётқизиб даволашмагани, дори воситалари билан таъминланмагани, оддий дам олишга ҳам рухсат йўқлигини айтган.
Бироқ, адвокатлар икки маротаба ИИВ ЖИЭДга мурожаат билан борганда, департамент бошлиғи ўринбосари ва тиббий хизмат бошлиғи томонидан маҳкум бир неча маротаба тиббий пунктда даво муолажалари олгани, бугунги кунда ҳам даволанаётгани, соғлиғи яхши ҳолатда экани, шу сабабли ишга олиб чиқилаётгани ҳақида нотўғри маълумот тақдим этилган.
Қолаверса, адвокат жазони ўташ давомида Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилаётганини, 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланаётганини айтди. Мубашшир Аҳмад оёқлари шишган ҳамда оёғидаги яралар қорайиб, гангрена касаллигига қараб кетаётган, бир сўз билан айтганда, аҳволи критик даражада бўлса-да, даволанишга рухсат йўқлигини, фақат ишга чиқ, деб мажбурлашларини билдирган.
Шунингдек, у 2026 йилнинг 11 мартида қонун бўйича жазонинг 3/1 қисмини ўтаб бўлгани сабабли манзил-колонияга ўтказилиши кераклиги, лекин турли тазйиқлар ўтказилиб, арзимас нарса билан қоидабузарлик расмийлаштириб, манзил колонияга ўтказилишини кечиктиришга ҳаракат бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.
Мубашшир Аҳмаднинг қамоқхонада сақланиш шароити фаолларнинг муҳокамасига сабаб бўлгач, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Мубашшир Аҳмад сақланаётган колонияга бориб, ўрганиш ўтказди.
Олим билан учрашувда у колонияда тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлиги, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётгани, фақат аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганини айтди, деб хабар берди Омбудсман.
Шунингдек, маҳкум муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилгани, ошхонада ишлаётгани ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари, ортиқча меҳнат қилмаётгани, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтган.
Омбудсманнинг ўрганиш бўйича баёнотидан кейин Мубашшир Аҳмаднинг яқинлари, хусусан адвокати ҳеч қандай жавоб билан чиққани йўқ.
Эслатиб ўтиш ўринли, 2025 йилнинг 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61- (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Пайғамбарни ҳақорат қилган шахс 12 кунга қамалди
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан Муҳаммад (с.а.в.) ҳақорат қилингани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Гап шундаки, 2025 йил 30 декабрь куни 2004 йилда туғилган шахс интернет ижтимоий тармоғидаги ўзига тегишли профил орқали Telegram каналларидан бирининг изоҳ қисмида диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотни тарқатгани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида шахснинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184³-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судининг қарори билан у 12 суткага қамалган.
20 минг кишини Умрага юборган киши қўлга олинди
Ўзбекистонда 19 минг 547 нафар фуқарони Умрага ноқонуний юборганлар ушланди. Улар 2 йил давомида фуқаролардан 22 млн 846 минг 590 АҚШ доллар миқдорида нақд пуллар олган.
Қайд этилишича, олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган аёл “Жалолқудуқ Авиатранс” МЧЖда норасмий тур агент вазифасини бажариб, жами 19 минг 547 нафар фуқарони жалб қилиб, ноқонуний Умра тадбирини ташкил этгани аниқланган.
“Жалолқудуқ Авиатранс” МЧЖ томонидан 2024-2025 йиллар давомида фуқаролардан 22 млн 846 минг 590 АҚШ доллар миқдоридаги нақд пуллар олинган. Давлат ва жамият манфаатларига етказилган жами зарар 1 млрд 819 млн 974 минг 385 сўм, солиқ ва бошқа йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик ҳолати бўйича жами 15 млрд 363 млн 219 минг 26 сўм ҳисобланган. Ташкилот томонидан Саудия Арабистонига юборилиб, оғир аҳволда ҳеч қандай шароитларсиз қолиб кетган жами 534 нафар фуқаро махсус рейслар орқали Ўзбекистонга олиб келинган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти томонидан 14 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзатилиб, 13 нафар шахс қўлга олинган.
1000 долларлик мардикорлар
Кўп айтганман, яна айтаман. Мен ўқитувчининг боласиман. Онам 18 йил мактаб директори бўлганлар ва ҳеч бир байрамни уйда, оила даврасида нишонламаганлар, ҳатто, ўқитувчилар кунини ҳам. Янги йилни-ку айтмай, ҳар йилнинг сентябрдан пахта, октябрдан қишга тайёргарлик учун штаб, ноябрдан пақилдоқларга қарши кураш, декабрдан то январнинг 15 ларигача мактабни ташқи кучлар тажовузидан қўриқлаш... Баҳор, ёз ва кузда эса ўқитувчининг қўлидан супирги тушмаган, мактабнинг ҳовлисини чиннидек ярқиратган, ялагудек бўлиб тозалаган ўқитувчиларга муҳим идораларнинг атрофи, каттаконлар ўтадиган кўчаларни ҳам тозалашдек фахрли вазифа топширилган. Ўқитувчилар буни ҳам бепул, мақтов ва манфаатдан холи бажарган. Мен бир неча байрамлар тунини онам билан мактабда ўтказган, туни билан дийдираб чиққан, эртасига отамдан маломатга қолиб, яна ишга, дарсга кетган ўқитувчининг ўғлиман. Мен ўқувчи яшайдиган кўп қаватли уй аҳолисининг Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати устидан ҳокимиятга қилган шикояти ортидан ҳаммол сифатида подъездни таъмирлагани ва тозалагани юборилган мактаб директорининг ўғлиман, мен Тошкентдаги катта қурилишлар, Ҳазрати имом, Ўзбекистон Анжуманлар саройида ҳафталаб мардикорлик қилган ўқитувчиларнинг ноласи, ичидан ташқарига чиқмаган фарёдиман. Ўша менман. Кўзи билан кўрган, онасига қўшилиб латта тутган. Мен айтган биноларда қўлларимнинг изи бор.
Ҳозир бундай ҳолатлар йўқ, деб ўйлардим. Бор экан. Ҳайратдан ёқа ушладим. Айтилган гаплар, ислоҳот, деганлари ўқитувчига келганда барҳам топибди, деган хаёлга бордим.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 37-мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани ҳақида хабарлар, ўқитувчиларнинг навбатчиликда турганини исботловчи видео тарқалди. Унда ўқитувчилар юқоридан келган буйруққа кўра навбатчиликда турганини айтган.
Ушбу видео ва топшриқ муҳокамаларга сабаб бўлгач, калтак яна бечора директорнинг бошида синди. Нима эмиш, бу топшириқ ташаббускори директормиш, ҳамма нарсага у айбдор эмиш. У тунги навбатчиликка мажбурлаганмиш. Бу гапни унча-бунча одам эмас, нақ Фарғона вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси айтиб чиқди. Бунданам беўхшов бўладими, айтинг. Оддий мактаб директоридан халқ душмани ясалди, у лавозимидан озод этилди.
Ҳаммаси шу билан тугади, деб ўйлайсизми? Йўқ! Аслида, топшириқ юқоридан берилгани ўртага чиқди. Навбатчилик фақат Фарғонанинг Бувайда туманидаги 37-мактабда эмас, бутун республика мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган кўринади. Боиси, ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Мамадиев имзолаган хат сурати тарқалди. У Термиз шаҳар ва барча туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиқлари ҳамда бошқарма тасарруфидаги барча таълим муассасалари раҳбарларига йўлланган бўлиб, унда 2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 6 январгача 24 соат узлуксиз навбатчилик ва ҳудудий штаблар фаолиятини ташкил этиш кераклиги ёзилган. Ва бу топшириқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 23 декабрдаги хати ижроси учун юборилаётгани айтилган.
QALAMPIR.UZ’да вазирликнинг ушбу хати ва унда навбатчилик ҳамда ҳудудий штаблар фаолиятини ташкил этиш бўйича нима дейилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Шунингдек, вилоят бошқарма бошлиғининг топшириғида 24 соатлик узлуксиз навбатчилик Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 декабрдаги “Янги йил байрамини юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёнининг 28-бандига мувофиқ ташкил этилаётганини қайд этган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ўқитувчиларни яна навбатчиликка мажбурлашнинг бош ташаббускори Вазирлар Маҳкамасининг ўзи. Бу ерда директор шунчаки қурбон. Бошқарма бошлиқларию вазирликнинг хати восита, холос. Аммо, бояги Вазирлар Маҳкамасининг 245-сонли баёни қўлимизда йўқ. Уни Вазирлар Маҳкамаси сайтидан ҳам, қонунчилик маълумотлари миллий базасидан ҳам топиш имкони бўлмади.
Иш бошида вазирлик ва Вазирлар Маҳкамасининг ўзи тургани муҳокамаларга сабаб бўлган бўлса-да, вазирлик ҳам, Ҳукумат ҳам жим, бу масалада миқ этмаяпти, гўё бу ҳолат содир бўлмади, улар кўрмади, эшитмади. Ҳеч ким ўқитувчиларга бирдамлигини изҳор этмади. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини ўрганиш бўйича бош орган ҳисобланган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳам чуқур сукутда. Ё улар вазифасини унутган, ё ҳали бу масалани ўрганиши кераклиги бўйича топшириқ берилмаган.
Ёдингизда бўлса, 2018 йилнинг 13-14 март кунлари Самарқанднинг Каттақўрғон туманидаги 98 та мактаб ва 12 та касб-хунар коллежи ўқитувчи ва техник ходимлари жами узунлиги 14 км бўлган М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг қатнов қисми ва атрофларида ободонлаштириш ишларини бажаришга ноқонуний равишда жалб қилинган эди. Ўшанда “Алижон” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўлнинг 66 километрида “КАМАЗ” юк машинаси бетон тўсиқлари атрофини тозалаётган 42-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Александровна Еникеевани уриб юборган ва у олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган. Жамоатчилик кекин эътироз билдирди, ижтимоий тармоқда танқид тинмади. Ўша кундан бошлаб ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга қарши кураш бошланди. Албатта, орада мажбурий меҳнатга оид айрим ҳолатлар кузатилди, лекин улар бўйича топшириқ юқоридан эмас, ўрта даражадаги раҳбарлар томонидан берилгани учун умумий ислоҳотларга соя солмади. Чунки ўша вақтдаги вазир Шерматовнинг ўзи ўқитувчиларга нисбатан мажбурий меҳнатни назоратига олганди, дамба-дам чиқиш қиларди, ўқитувчиларга ҳуқуқларини энг аввало ўзлари ҳимоя қилишлари кераклигини ўргатарди.
Хўш, энди нима бўлди? Ислоҳотлар давом этиши, ўқитувчининг ҳуқуқи яна ўзига қайтиши, яна текин мардикор бўлмаслиги учун яна қайсидир муаллим мажбурий меҳнат вақтида вафот этиб, болалари етим қолиши керакми?
Учтепа ҳокимлиги ходим 3 минг билан қўлга тушди
Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил якунида Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йил Коррупцияга қарши кураш борасида фавқулодда йил бўлиши, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилишини, комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланиши ва жавобгарликка тортилишини айтган эди. Йилнинг биринчи коррупционери номи маълум бўлди. Тўғрироғи, аслида коррупцияга йўл ураётганлар ҳамон тўлиб ётган бўлса-да, биринчи шов-шувли ҳолат кўзга ташланди.
ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Учтепа тумани ҳокимлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш бўлими бош мутахассиси ноқонуний равишда тадбиркордан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳокимият вакили гўёки жорий йилда Учтепа тумани ҳудудида бузилиши лозим бўлган савдо дўконлари ва бошқа манзиллар рўйхати тузилаётганини рўкач қилиб, тадбиркорга тегишли дўконни туман ҳокимлигида юқори лавозимда ишловчи яқин алоқалари орқали мазкур рўйхатга киритмаслик ҳамда буздирмаслик эвазига ушбу пул маблағини талаб қилган.
Билдирилишича, ҳозирда бош мутахассисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аёл чақалоғини ахлат қутига ташлаб кетди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида аёл туғруқхона олдида чақалоғини дунёга келтириб, ҳожатхонанинг чиқинди қутисига ташлаб кетди.
Бошқармага кўра, ҳолат ўтган йилнинг 27 декабрь куни Пайариқ туманидаги туғруқхонада содир бўлган. Чақалоқ топилгач, унинг нафас олмаётгaни ва ўлик ҳолда экани аниқланган, лекин у онаси томонидан ўлдирилганми ёки йўқ, бу ҳали номаълум.
ИИБга кўра, айни пайтда иш бўйича экспертиза тайинланган. Боланинг тирик туғилгани ёки ҳомила нобуд бўлиб кейин туғилгани ушбу экспертизадан сўнг маълум бўлади.
Ички ишлар органларининг QALAMPIR.UZ'га хабар беришича, чақалоқнинг онаси топилган.
“Экспертиза натижалари эълон қилинмагани учун айни дамда аёл процессуал тартибда қўлга олинмаган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва қўлга олиш масаласи ҳам ушбу экспертиза хулосасидан кейин амалга оширилади”, деди вилоят ИИБ ахборот хизмати вакили.
QALAMPIR.UZ ҳолатга янада аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан ҳам боғланди. ССВ вакили бу воқеа бўйича ҳеч қандай маълумот тақдим эта олмаслиги, прокуратура иш бўйича ўрганиш олиб бораётгани ва бунда шифокорларнинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтди.
Ҳали тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, 4 ой олдин турмушга чиққан келин 27 декабрь куни туғуруқхонага қайнонаси билан бирга бориб, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган, шу билан бирга тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишдан қатъиян бош тортган.Беморнинг ҳаракатлари шифокорни хавотирга солиб, уни ультратовуш текширувидан ўтказмоқчи бўлишган, бироқ аёл бу текширувдан ҳам бош тортган.
Шундан сўнг, аёл ҳамшира ҳамроҳлигида муолажа хонасига юборилган. Аёл у ерда ўзини ёлғиз қолдиришларини сўраган. Бироз вақт ўтгач, ходимлар ахлат челагида янги туғилган чақалоқ жасадини топган.
Беморнинг шахси видеокузатув камералари ёрдамида зудлик билан аниқланган. Дастлаб у бунга алоқадорлигини рад этган, бироқ кейинги тиббий текширувлар туғруқ фактини тасдиқлаган.
Тўнғиз ўрнига дўстини отиб қўйди
2025 йилнинг 5 октябрь куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида 32 ёшли эркак ов милтиғи билан ўзи билан бирга ов қилиш учун чиққан дўстини отиб қўйди.
Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан бўлган фуқаро 5 октябрь куни 3 нафар таниши билан ов қилиш мақсадида Мирзачўл тумани, “Гулзор” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги майдонига борган.
Шу куни улар соат тахминан 22:30 ларда ёввойи чўчқани ов қуроли ёрдамида отиб, ушламоқчи бўлган. Бояги 32 яшар эркак қамишлар орасидан чиқиб келаётган танишинини ёввойи чўчқа деб ўйлаб, ов қуроли билан отиб қўйган. Жабрланган шахс шифохонада вафот этган.
2025 йил 5 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда судланувчи кўрсатма бериб, айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Суд мажлисида марҳумнинг отаси ҳам кўрсатма бериб, ўғлининг ўлимига сабабчи бўлган дўстига суддан енгиллик ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга шу модда билан Жиноят кодексининг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланиб, 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Humans’дан ўмарилган пулларни ким қайтаради?
Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг 8-9 декабрь кунлари Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олинди. Орадан бир кун ўтиб, 10 декабрда Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank аризасига биноан Humans компаниясини банкрот деб топгани ва унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёни бошлангани маълум бўлди. Ҳолбуки, Humans компаниясини банкрорт деб топиш ҳақидаги суд қарори 14 октябрь куни қабул қилинган бўлса-да, икки ой давомида бу ҳақда аҳоли огоҳлантирилмаган.
Суд ҳужжатларида айтилишича, жорий йил июнь ойида Octobank Humans молиявий хизматини ўз тизимидан узганини маълум қилган. 13 июндан бошлаб Visa ҳамкор карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилган. Банк Humans компаниясидан 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича судга даъво аризаси киритган.
Humans ҳолат бўйича изоҳ бериб, пуллар 4-8 декабрь кунлари фирибгарлар томонидан ечиб олинганини билдирган. Бунда компаниянинг айби йўқлиги, балки муаммо Paylov хизматида техник хатога йўл қўйилгани ортидан келиб чиққани айтилди. Paylov эса мазкур муносабатга қарши жавоб бериб, фирибгарлик операциялари айнан Humans томонидан амалга оширилганини айтган.
Бир ойдан буён одамларни бир савол қийнайди? Суд қарори ҳақида жамоатчиликка ўз вақтида ахборот берилмаган. Фирибгарлик йўли билан ечиб олинган пулларнинг умумий миқдори қанча ва улар эгаларига қачон, қай тартибда қайтарилади? Бунда нега Марказий банк бор мувофиқлаштирувчи орган сифатида барча жавобгарликни ўз бўйнига олмаяпти?
Марказий банк одамларни қийнаётган ушбу саволларга нисбатан тугаётган ҳафтада тилга кирди.
“Humans” МЧЖ тўлов хизматларини тақдим этган “Octagram” АЖ, яъни Paylov тўлов ташкилотида Марказий банкнинг тегишли фармойишига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ўтказилган.
“Текширув натижалари бўйича тузилган маълумотнома белгиланган тартибда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ҳуқуқий баҳо бериш ва ўз ваколати доирасида чоралар кўриш учун тақдим этилган. Айни пайтда эса Humans компанияси билан боғлиқ ҳолат Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари сўралади”, дейилади Марказий Банк баёнотида
Live
Барчаси