Мубашшир Аҳмад иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлди (видео)
3-саҳифа
−
08 Сентябрь 2025 9011 2 дақиқа
Бугун, 8 сентябрь куни соат 16:00 да жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг суди давом эттирилди. Бу ҳақда “Azon Global” хабар берди.
Қайд этилишича, судда қатнашиш учун қатор жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳамда Мубашшир Аҳмаднинг яқин қариндошлари суд биноси олдида йиғилган. Судга кираётганлардан овоз ёзиш, тасвирга олиш ускуналари ҳамда қўл телефонларини топшириш сўралган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 19 август куни суд иши гувоҳлар келмагани сабабли 8 сентябрга қолдирилганди. Шунга қарамай, иккинчи суд мажлисида қатнашган гувоҳлар ҳам қўйилаётган айбловлар учун етарлича далил келтира олмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, шу боис ҳам Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар сирасидан “миллатлараро низо қўзғатиш” айблови олиб ташланган. Ўз навбатида гувоҳлардан бирининг даъвоси ҳам бекор қилинган.
“Афсуски суд мажлиси яна қолдирилиб, 15 сентябрда давом эттириладиган бўлди. Бунга устозни сўроқ қилишга вақт етмагани сабаб қилиб кўрсатилган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Алишер Турсунов Истанбулнинг Боҳчашеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновни Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини расман тасдиқлаганди.
Live
Барчаси