Муаммар Каддафийнинг ўғли ўлдирилди

Олам

image

Муаммар Каддафийнинг иккинчи ўғли Саиф ал-Ислом Каддафий Ливияда бўлиб ўтган жанглар чоғида ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Араб ОАВларининг ёзишича, Саиф Каддафий ўз уйининг боғида қуролланган шахслар билан отишма вақтида ўлдирилган. Бу маълумотни Каддафий оиласига яқин манба ва унинг вакили ҳам тасдиқлаган.

Ливия телеканали “Al Ahrar” хабарига кўра, Саиф ал-Ислом Каддафий Ғарбий Ливиядаги Зинтан шаҳри яқинида жойлашган уйининг боғида тўрт нафар қуролланган шахс томонидан ўлдирилган. Манбанинг айтишича, ҳужумчилар унга жароҳат етказгач, воқеа жойидан дарҳол яширинган. Каддафийга яқин сиёсий гуруҳ эса қуролланган шахслар аввал Саиф яшайдиган қароргоҳдаги кузатув камераларини ишдан чиқарганини билдирган.

Саиф ал-Ислом қуролланган шахслар билан отишмага киришган ва маҳаллий вақт билан соат 14:30 да ҳалок бўлган. Ҳозирда унинг жасадини олиб чиқиш бўйича махсус операция ташкил этилган. Каддафий оиласига яқин манба бу ҳодиса тушдан буён давом этган тўқнашувлардан сўнг содир бўлганини айтган.

“Al-Hadat” телеканали аввалроқ айрим Ливия ОАВлари Саиф ал-Ислом Каддафий Ливия Миллий Бирлик Ҳукуматига қарашли 444-жанговар бригада кучлари билан бўлган жангда ҳалок бўлганини хабар қилганини ёзади. Бироқ, 444-жанговар бригада бу воқеага алоқадорлигини қатъиян рад этган. Бригада баёнотида Зинтан шаҳри ёки унинг ҳудудида уларнинг ҳарбий бўлинмалари йўқлиги, содир бўлган ҳодисага ҳеч қандай бевосита ёки билвосита алоқаси йўқлиги айтилган.

Маълумот учун, Саиф ал-Ислом Каддафий 1972 йил 25 июнда туғилган бўлиб, 2011 йил кузида ўлдирилган Ливия раҳбарининг иккинчи ўғли эди. 1997–1998 йилларда у Каддафий халқаро хайрия ва ҳамкорлик жамғармасини ташкил этишга ташаббус кўрсатган. Жамғарма раҳбари сифатида у афғон толиблари ва Филиппиндаги исёнчилар билан ғарбий гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб борган. 2003 йилда Буюк Британия билан савдо муносабатлари бўйича музокараларда фаол иштирок этган.

2008 йилда Саиф сиёсатдан кетишини ва отасининг вориси бўлиш нияти йўқлигини эълон қилган. 2010 йилда у Ғазо секторига қўйилган блокадани юмшатишда фаол қатнашган. 2011 йилда фуқаролар уруши вақтида отаси ҳалок бўлгач, Саиф қўзғолончилар томонидан қўлга олиниб, судга тортилган. 2015 йилда 2011 йилги намойишларни бостириш билан боғлиқ иш бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган. Аммо, 2017 йил ўрталарида умумий амнистия тўғрисидаги қонун асосида озод қилинган.

2021 йилда Ливия расмий прокуратураси уни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчилари билан алоқадорликда гумон қилиб, ҳибсга олиш ордерини чиқарган.

Муаммар Каддафий Ливияни 42 йил бошқарган ва НАТО томонидан қўллаб-қувватланган мухолифат оқибатида ҳокимиятдан ағдарилган. 2011 йил 20 октябрда у Сирта шаҳри яқинида исёнчилар томонидан ўлдирилган. Шундан сўнг Ливия ягона давлат сифатида фаолият юрита олмай қолган ва рақобатдаги маъмуриятларга бўлиниб кетган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливия Муаммар Каддафий Саиф ал-Ислом Каддафий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг