Муҳаммад Солиҳ ва Жаҳонгир Маматов Ўзбекистонда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрган – Сафар Остонов
Таҳлил
−
11 Февраль 2020
74768“Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов айни вақтда АҚШда истиқомат қилиб келаётган журналист ва собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад ва Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг қилмишлари, Ўзбекистонда давлат тўнтаришни уюштиришга бошчилик қилганини далиллар билан фош қилди. Журналист Сафар Остоновнинг “Ўзбекистон овози” газетасида эълон қилинган навбатдаги мақоласида мамлакатдан қочиб чиқиб кетган икки шахс ва уларнинг Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган бўҳтонлари ҳақида сўз боради. Қуйида мақолани тўлиқ шаклда ўқишингиз мумкин.
Ўзбекистонга зиёнингиз тегмасин ёки хориждан туриб, ўзини инсонпарвар, ватанпарвар, ақлли ва жабрланган қилиб кўрсатаётган, баъзан ёлғонни кўпиртириб сафсата сотаётган Жаҳонгир Маматов дегани ким ўзи?
Қадимги ҳикматлардан бирида айтилишича, бу дунёда ҳар нарсадан қутилишнинг чораси бор: олов сув билан ўчирилади, мол ёки эшак таёқ билан бўйсундирилади, касаллик дори билан даволанади. Аммо, лўттибоз ва фитначини ўзгартириб бўлмайди.
Яна бир донишманд айтган экан, “Кучли кишини ожиздан қандай фарқлаш мумкин? Агар кучли киши ҳаётдан норози бўлса, айбни бошқалардан изламайди...”
Бу қадим ҳикматлар мавзуга бевосита дахлдорлиги учун келтирилди.
Бугун ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиб, эфирга чиқиб, янгилик тарқатаётганлардан кўра, вайсаётганлар кўпайиб бормоқда. Эътибор билан қарасангиз, сезасиз, уларнинг аксарияти ўзини ақлли, адолатпарвар, қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи бўлади.
Марҳамат, гапиринг, танқид қилинг, лекин холис бўлсин, ёлғон бўлмасин, самимий бўлсин, яхши ниятда бўлсин. Қайсидир гапни гапиришга эса маънавий ҳаққингиз ҳам бўлсин...
Бугун эфирга чиқиб, ўзини фариштасифат кўрсатиб, адолатпарварликка, қаҳрамонликка даъвогарлик қилаётган Жаҳонгир Маматовнинг саҳнада роль ўйнаётган артистга ўхшаб кетиши, тап-тортмай ёлғон гапиришларига муносабат билдириш зарурати бор, деб ўйладим.
Аввало, тўғрисини айтай, унга нисбатан ҳеч қандай шахсий адоватим йўқ. Қайтага бир замонлар кўп ҳамсуҳбат бўлганмиз. Лекин кимларнингдир гуруҳига қўшилиб, таъсирига тушдими, ҳаёти бутунлай бошқа томонга бурилиб кетди. Табиийки, бунинг учун у ўзини айбдор билмайди, қанча керак бўлса, бошқаларни айблайди. Унинг табиатан шунақа одамлиги кўпчиликка яхши маълум, тили ҳам анча аччиқроқ ва узунроқ, ички маданиятдан кўра, юзга ташланиш, қайсарлик, айниқса, ман-манлик юқори туради.
Эҳтимол, ана шу одатлари сабабли муаммоларга дучор бўлгандир?..
Биринчи савол: нега у чет элга қочиб кетди? Собиқ иттифоқда Горбачевнинг қайта қуриш деган сиёсати бошлангач, бақир-чақир, митингбозликлар, бир-бирини ҳақоратлаш, демократия, оппозиция, шон-шуҳрат учун кураш авж олиб, ким сўзамол бўлса, тепага чиқаётган пайт эди. Жаҳонгир Маматов “Совет Ўзбекистони” ҳозирги “Ўзбекистон овози”нинг Самарқанд вилояти бўйича мухбири эди. Номзодини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига қўйиб, ютиб чиқди. Унинг депутатлик фаолиятидан кўпчилик ёдида қолгани — давлат раҳбарига одобсизларча, маданиятсизларча қараб, Ўзбекистон онангиздан қолмаган, деган гапи бўлган. У ҳозиргача бу қилмишини қаҳрамонлик, деб ўйлайди. Ўшанда айримлар бу гапи учун унинг тилини суғуриб олиш керак, деган эди. Давлат раҳбари эса бағрикенглик қилиб, уни Ўзбекистон телерадио компаниясига ижодий ишлар бўйича ўринбосар этиб тайинлади.
Бу ерда у атиги 28 кун ишлади. Жамоа билан тил топиша олмади, босар-тусарини билмади, раҳбарлик қобилияти етмади. Ишдан кетди. Бугун у билан озгина вақт бўлса-да бирга ишлаганлар айтган гапларини келтириб ўтирмаймиз. У барибир бошқаларни айбдор қилади. Жаҳонгир ишдан кетгач, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қўмита тузаман, деб юрди. Бу орада (илгарироқ) Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раислигига номзодини қўйдириб ўтолмаганди.
Кунлардан бир кун унинг хорижга қочиб кетганини эшитдим, тўғриси, ачиндим, бекор қилибди-да, деб ўйладим. Лекин у бу ҳаракатини ҳам тўғри, деб ҳисоблайди. Қочмасам, мени қамашарди, деб айтиши тайин. Нега у қамалиши керак эди, нима жиноят қилганди? Жинояти бўлганда шартта ушлаб, қамашмасмиди. Эҳтимол, қамалиб қолиш васвасаси билан қочиб кетгандир. Қочган фақат у эмас, қочмаганлар ҳам оз эмас. Қамалганлар ҳам бор. Ким ноҳақ қамалган бўлса, кейинчалик чиқди, оқланди, унга иш берилди. Қочганлар ҳамон қочиб юрибди. Ўйлаб қоласан, киши. Четга қочиб кетиб, оилангни, яқинларингни овора-ю сарсон қилгандан кўра, ўз юртингда қамалганинг яхши эмасмиди.
Ўзбекистонни собиқ марказдан келиб, босиб олган “десантчи”лар не-не раҳбарларни қамоққа олди. Бир онанинг қамоқда ётган боласига айтган гапи ёдимга тушди. Боласи “қамашларини билганимда чет элга қочиб кетган бўлардим”, деганида онаси “қамалсанг, ўз юртингда қамалгин, ўлсанг ўз юртингда ўл”, деб айтган эди.
Ўша онани худо раҳмат қилган бўлсин, университетда ўқитувчи эди.
Жаҳонгир Маматов қўрқоқлик қилиб қочдими, бировнинг гапига кириб қочдими, бу бизга номаълум. Мақсадимиз буни муҳокама қилиш эмас, ҳар қанча гапирманг, бошингга тушганда биласан, дейиши мумкин. Бироқ ноқулайроқ бўлса-да, айтишга тўғри келади. Нима, бизга зуғум бўлмадими? Собиқ марказдан Юртимизга юборилган “десантчилар” ҳукмронлик қилган пайтларда ёзган мақолаларимиз учун неча бор сўроқ берганмиз. Республика прокуратураси, Ички ишлар вазирлигига чақиртирилганмиз. Ҳатто жисмоний чора кўришга ҳаракатлар бўлган. Бундан тўрт-беш йил илгари эса республика миллий хавфсизлик хизматининг айрим ходимлари билан бир йилча тортишдик, асабларимиз емирилди. Қамоққа олсанг, ҳозироқ ол, деган пайтларимиз ҳам бўлди. Айбимиз йўқлиги учун курашдик. Эртага мени қамаб қўяди, деб қочиб кетмадик.
У Туркияга боргач, ўзига ўхшаганлар билан бирлашди. Аввало, Ўзбекистон раҳбари тўғрисида ҳар хил миш-мишларни, асоссиз гапларни тарқата бошлашди. Президент тўғрисида айтилаётган салбий фикрлар, табиийки, Ўзбекистон обрўсига ҳам соя солади. Ўзбекистонга ишончсизликни туғдиради, халқаро ташкилотлар, дунё банкларининг Ўзбекистонга бераётган ёрдами шубҳа остида қолади. Ўзбекистон бундан зиён кўради, халқимизга оғир бўлади.
Лекин Жаҳонгир Маматов ва унинг ҳамтовоқлари бундан хурсанд бўлишарди. Улар бутун дунёда Ўзбекистон раҳбарига ишончсизлик уйғотиш орқали уни жазоламоқчи бўлишди. Ўч олиш мақсади шу даражада худбинлашиб, ёвузлашдики, улар террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишди. 1999 йил 16 февраль Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида Ислом Каримов ва республиканинг барча раҳбарларини йўқ қилиш ниятида уюштирилган террористик актда ҳозир чет элда туриб, ўзини эркпарвар, инсонпарвар кўрсатиб Ўзбекистондаги камчиликлар тўғрисида тўхтовсиз вайсаётганлар ҳам бор эди.
Ўшанда Вазирлар Маҳкамаси биноси қуласа, республиканинг барча даражадаги биринчи раҳбарлари, вилоят раҳбарлари, масъул ходимлар ҳалок бўлиб, республика бошсиз қоларди. Бу портлашни халқаро террорчи тўдалар билан биргаликда Туркияда қочиб юрганлар уюштирган эди. Мен ўша судда шахсан қатнашганман. Туркиядаги “ватанпарварларимиз” бу портлашни қанчалик сабрсизлик билан кутишгани, бино қуламагани, Ислом Каримов тириклигини эшитгач, уларнинг ҳафсаласи пир бўлгани, ташкилотчилардан бири “Эссиз, етти йиллик меҳнатим зое кетди”, деб афсусланганини судланганлар айтиб беришганди.
Қаранг, улар бино портламаганидан афсусда, яъни юзлаб бегуноҳ одамлар ўлмай қолганидан афсусда. Бино қулагач, Туркияда юрганлар Амударёнинг нарёғида тўпланиб турган толибонлар ёрдамида Ўзбекистонга бостириб киришмоқчи эди. Ўзимиздаги экстремистлар ҳам беркитиб қўйган қуролларини олиб, кўчага чиқишарди. Давлат тўнтариши бўларди, фуқаролик уруши бўларди, қиёмат қойим бўларди.
Ўз ватанига, халқига шундай даҳшатни, ёвузликларни раво кўрганлар бугун яна демократия ниқоби остида туриб, уялмай-нетмай ваъзхонлик қилишяпти. Ўша воқеалардан буён замон ўзгарди, неча ёз, неча қиш ўтди, қанча қорлар ёғди... Излар босилди, деб ўйлаяпсизларми?
Ҳаётда унутиладиган, кечириладиган воқеалар бўлади, Ватанга, халққа хиёнатни унутиш, кечириш қийин, жуда қийин.
Чаённинг иши заҳар солмоқ, деганларидек улар бу ёвузлик билан чегараланиб қолишмади, қора ниятлари йўлида янги режа тузишди. Мен қўлимдаги кўплаб маълумотларни имкон қадар ихчамроқ, қисқароқ баён этишга ҳаракат қилаяпман.
1995 йил март ойида Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мажлисида бир неча кун қатнашганман. Жаҳонгир Маматовнинг кейинги пайтларда ман-манлиги хуруж қилиб, сунъий, ёлғон аралашган гаплари кўпайиб бораётгани, ўзини доно, қаҳрамон қилиб кўрсатаётганини кузатиб туриб, ўйланиб қолдим. Бу кетишда яқин орада у кимлар учундир қип-қизил авлиёга айланиши ҳам мумкин. Сохта авлиё хавфли бўлади, одамларга кўп ёмонлик келтириши мумкин. Шунинг учун унинг аслида кимлигидан одамларни, айниқса, ёшларни хабардор қилиш ниятида архивимдаги суд мажлиси ҳужжатларини қайта ўқиб чиқишимга тўғри келди.
Суд тергови жараёнида жабрланганлар, гувоҳлар, судланувчилар — жиноят ташкилотчилари Муҳаммад Солиҳ ва Жаҳонгир Маматов ташкилотчилигида навбатдаги давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилганини аниқ мисоллар билан гапириб беришганди. Газетхонларга тушунарли бўлиши учун воқеа тафсилоти ҳақида қисқароқ тўхталаман.
Улар Туркияда қочиб юрган 1993-1994 йилларда Ўзбекистон ва Туркманистондаги гумашталарига янги топшириқ беришади, яъни Қашқадарё вилоятидан ҳарбий хизматни ўтаб келган, уйланмаган йигитлардан имкон қадар кўпроқ гуруҳ тузиб, уларни Туркияга жўнатиш керак эди. Жўраев Мурод, Холбоев Шавкат, Аҳмедов Негмат, Маматов Шавкат, Ашуров Эркин, Сувонов Ҳошим каби шахслар Қашқадарё вилоятининг туманларида изғиб юриб, 46 нафар йигитни Туркияга бизнесменликка бепул ўқишга юборамиз, деб алдаб, қўлларига пул бериб, рози қилишади. Ўшанда бу йигитларнинг ҳаммаси ишсиз бўлган. Улардан 21 нафари қалбаки ҳужжатлар билан Грузия орқали Туркияга етказилади.
Гувоҳларнинг айтишича, Истанбулга келгач, “Ҳидоя” меҳмонхонасида уларни Жаҳонгир Маматов ва яна икки киши кутиб олган. Ўша куниёқ уларнинг паспортларини йиғиштириб олишади. Эртаси куни Муҳаммад Солиҳ келиб, кўрсатмалар беради. Бу учрашувдан сўнг йигитлар алданишганини тушунишади, аммо паспорт йўқ, ортга қайтишга рухсат йўқ, бунинг устига, қаттиқ огоҳлантириш бўлади: кимдир қочмоқчи бўлса, барибир уйига етиб боролмайди, йўлда топиб йўқ қиламиз, Ўзбекистонда ўн мингга яқин одамимиз бор, кимдир хиёнат йўлига кирса, оиласини йўқ қилиб ташлаймиз.
Йигитлар ноилож қолади. Улар бизнесменликка эмас, балки террорчиликка ўргатила бошланади. Шаҳар четидаги ташландиқ ҳарбий қисм майдонида маҳаллий халқ орасидан ёлланган инструкторлар уларга ўқ отиш қуроллари, портловчи мосламалардан фойдаланишни ўргатишди. Каратэ, самбо, дзюдо билан ҳам шуғуллантиришди. Босқинчилик, одамларни гаровга олиш, одам ўлдириш усулларини ўргатишди.
1994 йилнинг февраль ойидан бошлаб 7-8 ой машқ қилишади. Ноябрь ойида уруш усулларини ўргатиш учун улар Чеченистонга олиб борилади.
Суд материалларида шундай кўрсатмалар ҳам бор: Муҳаммад Солиҳ 1993 йил чет элга чиқиб кетгач, Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳокимиятнинг қонуний тарзда сайлаб қўйилган вакилларига қарши курашишга ошкора даъват қилувчи, аҳолида Ўзбекистон раҳбариятига нисбатан ишончсизлик ва адоватни юзага келтирувчи мақолаларни “Эрк” газетасида чоп этиб, Ўзбекистон ҳудудида тарқатишга буйруқ беради. Бу газета Ўзбекистон ОАВ тўғрисидаги қонунни бир неча бор бузгани сабабли 1993 йил 29 январдан фаолияти тўхтатилган эди.
Бироқ 1993 йил май ойида С. Мадаминов (М. Солиҳ) ўз шериклари Жаҳонгир Маматов ва бошқаларни Боку шаҳрига чақириб, “Эрк” газетасини чоп этмоқчи бўлади.
Гуруҳ аъзоларига конституцион тузумга қарши акция ўтказиш учун пул ва валюта йиғиш вазифаси топширилганди.
Уларнинг фаол ҳаракатлари натижасида 1993 йил июндан 1994 йил январга қадар 13.200 АҚШ доллари ва 20 миллион 150 минг сўм тўпланади.
С.Мадаминов топшириғига кўра, бу пулларнинг асосий қисми Жаҳонгир Маматовга берилган. Чет эл валютасини у ёш йигитларни ёллаб, яширинча йўллар билан Туркияга олиб келишга ишлатган. Газетани чоп этиш ҳам унга юклатилади.
Қашқадарёлик йигитларга тушунтирилди. Асосий вазифа – Президент Ислом Каримовга суиқасд уюштириш. Президентликка Муҳаммад Солиҳ номзоди қўйилади. Раҳбарлардан ким бунга қарши чиқса, гаровга олинади, керак бўлса, отиб ташланади.
Ҳамма иш битгач, Тошкентда уйларинг, машиналаринг бўлади, деган ваъдаларни ҳам беришди.
Бироқ қашқадарёлик йигитлардан ҳеч ким кўнглида уларнинг топшириғига рози бўлмайди. Ватанга хиёнат қилишни исташмайди.
Биринчи бўлиб китоблик беш йигит Ўзбекистонга поезд орқали жўнатилади, топшириқни кутиб туриш тайинланади...
Яқинда Қашқадарё вилоятига хизмат сафарига борганимда, улардан айримларини топиб суҳбатлашдим. Тўғриси, бошларига тушган ўша воқеалар ҳақида уларнинг бугунги фикрларини билмоқчи эдим.
Китоб туманидаги “Пахтаобод” фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳусан Эргашев шундай хотирлайди.
– Бизни бизнесменликка ўқитамиз, ҳамма харажатларни ўзимиз кўтарамиз, деб алдаб, сохта паспортлар билан чегарадан ўтказишди. Истанбулга етиб боргач, меҳмонхонада паспортларимизни йиғиштириб олишди. Жаҳонгир Маматов эса Каримовни ёмонлади. Уни йўқотамиз, ўрнига Муҳаммад Солиҳни қўямиз. Сизларни унга телохранителликка тайёрлаймиз, деди. Кейин Муҳаммад Солиҳ келиб, биз билан гаплашди. Уларнинг нияти ёмонлигини билиб, норози бўлиб гапирганимизда “Энди орқага йўл йўқ, агар биз айтганни қилмасанглар, Ўзбекистонда одамларимиз кўп, оилаларингни йўқ қиламиз”, дейишди. Ноилож эдик.
Бизга тўппончадан ўқ отиш, портлатиш ишларини ўргатишди, инструкторлар маҳаллий кишилардан эди. Айтганини қилмаганимизда, калтак ҳам едик, бошимизга ит азобини солишди, ерга ётқизиб, бўйнимизга оёғини қўйиб, дўқ қиларди. Ҳаммасига чидардик, имкон бўлди, дегунча қочишни ўйлаб юрардик. Бир куни бизни гуруҳларга бўлиб тарқатишди, топшириқни кутиб турасизлар, дейишди. Бизнинг гуруҳни Грузия орқали поездда Ўзбекистонга жўнатишди. Катта бир сумкада “Эрк” газетасининг икки тахлами бор эди. Буни Ўзбекистонда тарқатишимиз керак эди. Тошкентга етиб келгач, ижарага жой олдик. Ярим кечада сумкани олиб чиқиб, бир чуқурдаги чиқиндихонга улоқтирдик.
Эртаси поездда Қашқадарёга етиб келгач, ҳамма воқеани отамга айтдим. Бизни сотсанглар, уйларингни портлатиб юборамиз, деганларини ҳам айтдим.
Ҳозир ўйласам, уларнинг йўлига юрганимизда ё қамоқда ётган, ё аллақачон ўлиб кетган бўлардим. Ота-онам юзига доғ туширган бўлардим... Ҳозир худога шукур, ота касбини давом эттириб, таксичилик қилаяпман, учта фарзандим бор, икки ўғил, бир қиз.
Унинг отаси 82 ёшли Акром ака ўйчан, аммо қатъий оҳангда гапга қўшилди:
— Россияга ишга кетяпмиз, деганди. Икки-уч ой ўтиб, бир вақт телефон қилди. Туркиядамиз, деди. Алданиб қолишганини айтди. Мен дарров хавфсизлик хизматига бордим. Йўлини топиб, болаларни қайтаринглар, дедим. Ўшанда ота сифатида менга жуда оғир бўлди. Ўн бир фарзандни тарбияладим, ҳалол меҳнат қилдим. Аммо ўн боламга кучим етиб, биттасига етмапти-да, деб эзилдим.
Ҳозир ўйласам, буларни худо сақлаган экан, бўлмасам, жувонмарг бўлиб кетишарди. Жондан азиз кўрган фарзандларимизни йўлдан уриб, бизни хонавайрон қилмоқчи бўлганларнинг жазосини ўшанда худодан сўраганман...
Китоб тумани Қумқишлоқда яшовчи Шуҳрат Ғоипов ҳам алданганлардан бири.
— Ўша кунларни худди ёмон тушдек эслайман, ёдимга тушса, ҳалигача юрагим орқага тортиб кетади. Биз икки ўт орасида қолгандик. Лекин бирортамиз уларнинг гапига рози бўлмаганмиз. Ҳозир ҳам уларни азроилни эслагандек эслайман. Улар одам эмас, мусулмон эмас. Ўз она юртига бунчалик ёмонлик тилаганларни умримда кўрмагандим. Уларни ер қандай кўтариб юрибди, билмайман.
Худога шукр, ҳозир оилалиман, уч ўғлим бор. Электромонтёр бўлиб ишлаяпман. Уч йил илгари ўзимга янги уй қуриб, кўчиб чиқдик. Ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ.
Шунча қилғилиқни қилиб, бугун Ўзбекистонга ақл ўргатиб, вайсаётганлар, сизлар ким ўзи? Сизлар Ўзбекистонга ким бўласизлар? Фарзандмисиз?..Дўстмисиз?.. Душманмисиз?..
Бу саволларга ўзингиз жавоб изланг... Дўст бўлсангиз, дўстнинг ишини қилардингиз. Фарзанд бўлсангиз, юртингиз кўчасини супурардингиз, чангини артардингиз, шу юрт равнақи учун нима қилиш керак бўлса, отдан тушиб, хизматини қилардингиз. Амалдор бўлсак, ишлаймиз, амал бермаса, Ўзбекистон – Ватан керак эмасми?
Ўзбекистон мустақиллиги аждодларимиз орзу армони эди, қанчалаб қонлар тўкилди бу йўлда... Буюк неъмат — мустақилликка эришганимизда гина-қуратни унутиб, бир тан, бир жон бўлиб, мустақилликни асраш учун курашиш керак эмасмиди? Шундай пайтда зиёлилар амал талашиб, бир-бирига душманлик қилсая...
Шу пайтгача хомхаёллар билан яшаб келдинглар, қўлларингдан ҳеч нарса келмаганини билгач ҳам, тақдирга тан бергинглар келмайди. Аламзадалик, шахсий манфаат устунлик қилади.
Бугунги кунда ҳаётда сизларга ўхшаб амал талашиб, ўз юртларини вайрон қилиб, халқининг қонини тўкаётганларни кўрдик. Улар ҳам ўзларини “демократлар”, “оппозиционерлар” деб эълон қилишган. Асли мақсад кимнингдир кучига, пулига суяниб, гапига кириб, ҳукуматни қўлга олиш бўлган. Ўшаларнинг бирортаси ҳаёти, фаолияти яхшилик билан тугамади.
Сизлар тўхтовсиз равишда марҳум Биринчи Президентимиз тўғрисида куракда турмайдиган гапларни гапираяпсизлар. Аввало ўйлаб кўринглар, сизлар киму, Ислом Каримов ким? Яна юз йил яшасанглар ҳам, у киши юрт учун қилган ишларнинг мингдан бирини ҳам қилолмайсизлар. Иқтисодиёт, молия, қишлоқ хўжалиги, қурилиш нималигини умуман тушунмаган, ҳатто сиёсий билим, маданияти бўлмаган сизлар кабилар давлатни бошқара олармиди? Сизларда сиёсий маданият бўлганида, зиёли инсон туйғуси бўлганида, террор йўлини танламаган бўлардингиз.
Буни яқинда Жаҳонгир тан олгандек бўлди. Эшиттиришларидан бирида “биз нотўғри йўлдан кетдик”, деган мазмундаги гапни айтди. Ҳақиқатан ҳам, йўл нотўғри танланган эди. Буни тушунган одам “хато қилдик, кимларгадир ишониб, адашдик, имкон бўлса, кечиринглар”, деб халқдан кечирим сўраши керак эди, назаримда.
Аммо мақоламиз бошида айтилган ҳикмат тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Яқинда Ўзбекистонда нашр этиладиган “Адабиёт” деган хусусий нашрда Ж.Маматовнинг икки саҳифали мақоласи чиқибди. Америка ҳаётини роса мақтабсиз, кўринглар, ҳавас қилинглар, дегандек. Йигирмага яқин суратингизни илова қилибсиз. Ўзингизни кўз-кўз қилмоқчи бўлганмисиз, билмадим, бир одамнинг газетанинг бир сонида шунча сурати чиққанини кўрмаганман.
Тўғри, Америка бой, қудратли мамлакат. Лекин бизнинг мамлакат эмас-да. Бизнинг Ватан — Ўзбекистон, унинг шонли тарихи олдида Америка тарихи ип эшолмай қолади. Лекин биз ҳам ўсаяпмиз, ривожланаяпмиз. Америка ҳам бирданига Америка бўлмаган. Мақолада “Америка ўзбекларнинг ҳам ватани”, дебсиз. Ўша ерда туғилган, униб-ўсган бўлса, албатта, Ватан бўлади. Аммо муҳожирлар учун Америка ватан бўлоладими? Ватан битта бўлади, худди отадек, худди онадек. Отани бошқа отага, онани бошқа онага алмаштириб бўлмайди.
Бизнинг қарашларимиз шунақа, сиз бошқача фикрлашингиз мумкин. Майли, қаерда, қандай яшаш сизнинг ҳуқуқингиз. Аммо ёлғон гапирманг, одамларни алдаманг, ёшларни чалғитманг, қилган жиноятларингизни унутманг, Ўзбекистонга зиёнингиз тегмасин.
Сафар Остонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
LiveБарчаси