Москвадаги терактнинг бош айбдори Путинми?

Олам

image

22 март куни Москванинг “Крокус Сити Ҳолл” мажмуасида содир этилган терактдан сўнг кўпчиликни бир савол қийнамоқда – Россия каби дунёнинг энг кучли разведка хизматига эга мамлакат қандай қилиб кўз ўнгида уюштирилган теракт ҳақида билмай қолди? Балки 73 ёшли Александр Бортников назоратидаги Россия Федерал хавфсизлик хизмати ушбу фожиа ҳақида аввалроқ хабар топганида ёки АҚШ разведкаси огоҳлантиришига қулоқ тутилганда ушбу террористик ҳужумнинг олди олинган, 137 нафар одамнинг ҳаёти қутқариб қолинган бўлармиди?

Теракт ҳақида огоҳлантириш

7 март куни АҚШ Россияда бўлиб турган фуқароларини "экстремистлар Москвадаги йирик йиғинларга ҳужум қилишни режалаштираётгани" ҳақида огоҳлантирди ва эҳтимолий нишонга олинган концертлар айтиб ўтилди. Америкаликларга келгуси 48 соат ичида катта йиғилишларда иштирок этмаслик маслаҳат берилди.

Теракт Вашингтон огоҳлантирган санадан кейинроқ содир бўлди, аммо бошқа тафсилотлар 22 март санасидаги воқеаларга анча яқин. Кўриниб турибдики, ИШИДга алоқадорлиги айтилаётган теракт ҳақида АҚШда разведка маълумотлари бўлган.

Қўшма Штатлар режалаштирилаётган теракт ҳақида ўз фуқаролари билан бир қаторда, Россия ҳукумати билан боғланиб, уларни ҳам тўғридан тўғри огоҳлантирган. Одатда, разведка маълумотлари мамлакатлар билан, ҳатто иттифоқчи бўлмаган давлатлар билан ҳам алмашиниб турилади. Айниқса, бу тинч аҳолига қилинадиган ҳужумлар билан боғлиқ бўлса.

 “АҚШ ҳукумати ўзининг узоқ йиллик “огоҳлантириш бурчи” сиёсатига кўра тегишли маълумотларни Россия расмийлари билан ўртоқлашган эди”, дейди АҚШ расмийси ҳужумдан кейин берган баёнотида.

Аммо Москва огоҳлантиришларни рад этди

Терактдан уч кун олдин Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) бошқарув кенгашида нутқ сўзлаган эди. У хавфсизлик хизмати раҳбарларига биринчи навбатдаги вазифа “махсус ҳарбий операцияни” (Путин Украина билан урушни шундай атайди) қўллаб-қувватлаш эканини айтган.

Унинг таъкидлашича, Украина “террорчилик тактикаси”га ўтган. Путин, шунингдек, Россия ичидаги эҳтимолий ҳужумлар ҳақидаги баёнотга тўхталиб, буни Ғарбнинг "провокацион баёнотлари" ва “тўғридан тўғри шантажи” деб атаганди.

"Шунингдек, яқинда Ғарбнинг бир қатор расмий тузилмаларининг Россияда терактлар содир этилиши мумкинлиги ҳақидаги сўнгги, очиғини айтганда, провокацион баёнотларини эслатиб ўтаман. Буларнинг барчаси очиқдан очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш ниятига ўхшайди", деган эди у.

Баъзи сиёсатчилар терактда Путинни айбламоқда

АҚШ ахборот агентлиги “Associated Press”нинг ёзишича, Путин чорак асрлик ҳокимияти даврида биринчи марта ўз мақсадларига эришиш учун хавфсизлик хизматларининг ҳаракатсизлигидан фойдаланишга уринаётгани йўқ. 71 ёшли собиқ КГБ зобити 1999 йил сўнггида Россия қўшни Чеченистон билан уруш олиб бораётган вақтда ҳокимият тепасига келган. У ҳеч қандай далил йўқлигига қарамай, чеченларни Россиядаги бир қатор турар жой биноларини портлатишда айблаб, “террорчиларни” йўқ қилишга ваъда берган ва Чеченистонни бомбардимон қилишни буюрган. 

Баъзи Кремль танқидчилари 1999 йилдаги портлаш Россия хавфсизлик идоралари томонидан уюштирилган, Путиннинг юксалишига ва Чеченистондаги урушни жадаллаштиришга қаратилган сохта операция эканини даъво қилади. Гарчи бу даъволар ҳеч қачон исботланмаган ва Кремль расмийлари ҳамда Путин томонидан қатъиян рад этилган бўлса-да.

Россия айбловларига жавобан Украина президенти Владимир Зеленский юқоридаги воқеаларга ишора қилиб, Москвада бўлган терактда Путиннинг ўзини айблади. Кўплаб сиёсатчилар террористлар қандай қилиб бу даражада ҳалокатли ҳужум ташкиллаштиргани ва полициянинг ҳеч қандай қаршилигисиз “Крокус”ни тарк этганидан ҳайратда эканини айтмоқда.

“Рўй берган воқеанинг ўзига хослиги шундаки, Россияда биринчи марта бундай миқёсдаги теракт пайтида хавфсизлик кучлари ҳеч қандай тарзда террорчиларнинг ҳаракатини тўхтата олмадилар: террористлар бинога бемалол кириб келишди, кўплаб одамларни ўлдирди, ярадор қилди ва тинчгина қирғин жойини тарк этди. Хавфсизликни кучайтириш йиллари ва триллионлаб рубллар беҳуда кетди”, деб ёзади сиёсий таҳлилчи Владислав Иноземцев.

Ўтган ой Россиядаги жазо колониясида вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериги, журналист Мария Певчихнинг айтишича, хавфсизлик идоралари “сиёсатчилар, фаоллар ва журналистларга қарши кураш билан жуда банд, шунинг учун уларда террорчилар билан ишлашга вақтлари қолмаган”.

Британия расмийлари Россия Президенти Владимир Путин Москвадаги теракт баҳона Украинага қарши урушни кучайтиришидан хавотир билдирди. Британия парламенти депутати, ташқи ишлар қўмитаси раиси Алисия Кернс Россия оммавий ахборот воситалари аллақачон Украинани айблаш ва Путинни Украинадаги уруш жиноятларини ҳимоя қилишни бошлаб юборганини айтди.

Эътиборлиси, Россиядаги Telegram-каналларда барча гумонланувчиларнинг қўлга олиниш жараёни акс этган видеоёзувлар тарқатилган.

Z-блогерлар томонидан сиздирилган видеолардан бирида Фаридун Шамсиддин қотилликни "пул учун" содир этганига иқрор бўлаётгани акс этган: ўзининг айтишича, бу иш учун унга ярим миллион рубль ваъда қилинган. Сўроқ видеоси RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян томонидан тармоқдаги саҳифасига жойланган. Қизиғи, ижтимоий тармоқларда дастлабки видео олинишидан олдин унга саволларга қандай жавоб бериши лозимлиги ўргатилаётгани акс этган бошқа видео ҳам пайдо бўлган.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун яна бир дахмаза

Содир бўлган мудҳиш ҳодисада тожикистонлик муҳожирлар қатнашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бир нечта Тожикистон фуқаролари қўлга олиниб, тергов қилинди.

Ўзбекистонлик собиқ депутат, Экология вазирлигининг вазир маслаҳатчиси Расул Кушербоев терактда муҳожирлар иштирок этгани ҳақидаги хабар ортидан рейдлар кучайиши мумкинлигини айтди:

“Афсус, биз хавотир олган ҳолат содир бўлди, яъни бу жараёнда кутилмаганда мигрантларнинг иштирок этиб қолганлиги кўп муҳокама қилиняпти. Бунинг натижасида мигрантларни назорат қилиш, рейдлар ўтказиш масаласи кўтариляпти ва катта эҳтимол билан Россияда меҳнат қилиб юрган муҳожирларни сиқувга олиш, уларни қамоққа ташлаш ҳолатлари кўпайиб кетиши мумкин”, дейди Кушербоев.  

Кушербоев мигрантларга тавсиялар берар экан, уларни доимо ҳужжатларини ўзи билан олиб юришга чақирди:

“Тил билмасангиз (рус тили) биладиган танишларингиз билан бирга юринг. Тушуниб-тушунмасдан бўйнингизга бир нарсаларни олиб қўйманг. Яна назорат кучаяди. Ҳужжатларингизда камчилик бўлса тўғрилаб қўйинг”, дея муҳожирларга мурожаат йўллаган.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг каттагина қисми ушбу воқеалардан сўнг Россия ҳукумати мигрантларни Украина билан кечаётган урушга юбориши мумкинлигидан хавотир билдирди. Рўй берган ҳодисалар фонида 23 март куни Путин урушга боришга рози бўлган маҳбусларни жазодан озод қилишни назарда тутувчи қонунни имзолади.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

#россия #теракт #москва #путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар