Москвадаги теракт қурбонлари сони 100 га яқинлашди
Олам
−
23 Март
7487“Крокус Сити Ҳолл” кўнгилочар мажмуасида содир этилган теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 93 кишига етди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия Тергов қўмитасининг терговчилари, криминологлари ва экспертларидан иборат гуруҳ жиноят иши бўйича терговнинг батафсил режасига мувофиқ воқеа жойида фаолиятини давом эттирмоқда.
Фавқулодда вазиятлар хизматлари вайроналарни тозалаш, видеокузатув камераларидаги ёзувларни ўрганиш, концерт зали биноларини текшириш ва ашёвий далилларни олиб қўйиш давом этмоқда.
“Айни пайтда қурбонлар сони 93 кишига етгани аниқланган. Ҳалок бўлганлар сони янада ортиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга ўқ жароҳатлари ва ёниш маҳсулотларидан заҳарланиш сабаб бўлган”, дейилади хабарда.
Концерт залининг биноларини текширишнинг дастлабки натижаларига кўра, террорчилар ҳужум вақтида автомат қуроллардан фойдаланган. Айни пайтда ашёвий далил асосида баллистик, генетик ва бармоқ излари экспертизалари ўтказилмоқда.
Шунингдек, террорчилар томошабинлар, жумладан, ярадорлар бўлган концерт залининг биноларига ўт қўйиш учун тез ёнувчи суюқликдан фойдалангани аниқланган.
Айни пайтда Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан сўнг ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди. Унга шахсини аниқлаш мумкин бўлган биринчи 37 киши кирди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьевнинг айтишича, Москва ҳукумати терактда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига тўловларни амалга оширишга қарор қилган.
“Жабрланганларнинг қариндошлари учун ҳар бирига 3 миллион рубль, шифохонада ётган жабрланганлар учун ҳар бирига 1 миллион рубль, амбулатор ёрдам олган жабрланувчилар учун ҳар бири 500 минг рублдан. Москва вилоятида рўйхатга олинган, отаси ёки онаси фожиада вафот этган болаларга ҳам ойлик тўловлар берилади. Бундан ташқари, биз барчага дафн қилиш харажатларини мажбурий равишда тўлаб берамиз ва барча ҳуқуқий масалаларни ҳал қиламиз”, дейди губернатор.