Москвада қамалган америкалик спортчи Байденга мактуб ёзди
Спорт
−
05 Июль 2022
18700Москвада гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб ҳибсга олинган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер 4 июль, АҚШ Мустақиллик кунида Президент Жо Байденга мактуб йўллаб, ўзининг озодликка чиқиши учун ёрдам сўради. Бу ҳақда “Yahoo! Sports” нашри хабар берди.
“Россия қамоқхонасида ёлғиз ўзим ўтирар эканман оилам, дўстларим, Олимпида медали ва ҳеч қандай ютуқларим ҳимоясисиз бу ерда абадий қолишимдан қўрқаман. Тушунманки, сизда кўп ташвишлар бор, лекин илтимос, мен ва бошқа америкалик маҳбуслар ҳақида унутманг. Илтимос, бизни уйга қайтариш учун қўлингиздан келганини қилинг.
Мен 2020 йилда сиз учун овоз бердим. Мен сизга ишонаман. Озодликда қилишим керак бўлган жуда кўп ишларим бор. Умид қиламанки, уларни якунлашимга ёрдам берасиз. Мен умр йўлдошимни соғиндим! Оиламни соғиндим! Жамоадошларимни соғиндим! Уларнинг ҳозир қандай азоб чекаётганини кўриб, юрагим оғрияпти. Мени уйга қайтариш учун қила оладиган барча ишларингиз учун миннатдор бўламан”, деган Бриттни Грайнер.
Қайд этиш жоизки, жорий йилининг 1 июль куни Грайнер иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд залида АҚШ элчихонаси ходимлари ҳам бўлган. Прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирган ва икки гувоҳ сўроқ қилинган. Шундан сўнг, суд мажлиси 7 июлга қолдирилган.
Эслатиб ўтамиз, Баскетболчи жорий йилнинг 17 февраль куни “Шереметьево” аэропортида қўлга олинган. У гиёҳванд моддалар контрабандасида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 2-қисми) ва уларни ноқонуний ташишда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми) айбланмоқда.
Маълумот ўрнида, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2015 йилдан бери Россиянинг УГМК баскетбол клубида фаолият юритиб келади. Шунингдек, Грайнер WNBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси