Москва суди Навалнийнинг ҳукми устидан берилган кассация шикоятини рад этди
Олам
−
18 Октябрь 2022
4297Бугун, 18 октябрь куни Москвадаги кассация суди Алексей Навалнийга нисбатан судга ҳурматсизлик ва фирибгарлик иши бўйича чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляцияни қаноатлантирмади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Ҳимоячининг шикояти қаноатлантирилмаган ҳолда, биринчи ва апелляция инстансияси судининг ҳукми эса ўзгартиришсиз қолдирилсин”, дея қарорни эълон қилди судья.
Навалний йиғилишда жазони ўтаётган қаттиқ режимли колониядан видео алоқа орқали иштирок этган. Ҳимоячи ҳукмни бекор қилишни ва оқлашни сўради.
Ўз навбатида, прокуратура вакили суддан ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни талаб қилган.
“Давлат айблови ҳукм қонунга мувофиқ чиқарилган ва ўзгартирилиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди ва ҳимоячининг шикояти қаноатлантирилади”, дейди прокурор.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг 22 март куни Москванинг Лефортово суди россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик қилгани учун тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди ва 1,2 миллион рубль (11,4 минг доллар) миқдорида жаримага тортганди.
Маълумот учун, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида Россиянинг Томск шаҳрида заҳарланганидан сўнг, Германияда 4 ой даволаниб, жорий йилнинг 17 январь куни Россияга қайтди ва дарҳол ҳибсга олинди.
Кейинроқ “Ив Роше” иши бўйича суд қилинган мухолифатчи 3,5 йилга қамалди. Ўлишига бир бахя қолган Навальнийнинг ўзи бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.
2021 йилнинг 19 январь куни Навальний томонидан ташкил қилинган Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг қасри” ҳақидаги фильмни эълон қилди. У 100 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди, ижтимоий тармоқлар эса шу мавзудаги мемларга тўлиб кетди. Ҳукумат унинг қаср эмас, апарт-меҳмонхона эканлигини ва унга Путин эмас, балки унинг дўсти Аркадий Ротенберг эгалик қилишини маълум қилди.
Москванинг Симонов туманлараро суди 2 февралда Навальнийни “Ив Роше” иши бўйича айбдор деб топиб, унинг жазони колонияда ўташи ҳақида қарор чиқарганди. Москва шаҳар суди 20 февралда қарорни қонуний деб топди ва суд ҳукми кучга кирди. Навальний колонияда яна 2,5 йил давомида суд белгилаган жазони ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия мухолифати етакчиси, сиёсатчи Алексей Навальний Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бош мукофоти “Фикр эркинлиги учун” Андрей Сахаров мукофотини олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь