Москва Киевни огоҳлантирди 

Олам

image

Украина шарқида тобора жиддийлашиб бораётган чегара билан боғлиқ вазият соясида расмий Киев томонидан уюштириладиган ҳар қандай провокация ёки куч ишлатишга уриниш жавобсиз қолмайди. Бу ҳақда Россия бош штаби раҳбари Валерий Герасимов бугун, 9 декабр куни хорижий давлатлар ҳарбий дипломатлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.  

“Украинага вертолётлар, учувчисиз ҳаво дронлари ва самолётларнинг етказиб берилиши украин ҳукуматини кескин ва хавфли қадамлар қўйиш сари руҳлантирмоқда. Киев Минск келишувларини бажармаяпти. Украина қуролли кучлари АҚШ томонидан етказиб берилган Жавелин анти танк-ракета қуролли тизимини ишга туширганини ҳамда Донбассдаги Туркияннинг учувчисиз разведка – зарба берувчи дронларидан ҳам фойдалана бошлагани ҳақида бонг урмоқда. Ўз навбатида, бу мамлакат шарқидаги шундоқ ҳам таранглашиб бораётган вазиятни янада ёмонлаштирмоқда. Бироқ Украина расмийларининг Донбассдаги муаммоларни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундовчи ҳар қандай провокацион ҳаракатларига Россия томонидан жавоб бўлади”, дея огоҳлантирди Россия Бош штаби бошлиғи.

Бундан ташқари Герасимов, Россиянинг Украина ерларига бостириб киришга уриниши ҳақидаги ОАВда тарқалган хабарлар асоссиз эканлигини урғулади. Унга кўра, Украина билан чегарадош ҳудудларида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар Россиянинг ички ишлари бўлиб ушбу ҳаракатлар ҳақида кимгадир маълумот беришга Россия мажбур эмас.

“НАТО давлатлари Россия ҳудудидаги қўшинлар ҳаракатига ҳаддан ортиқ эътибор қаратмоқда. Жанговар тайёргарлик даврида ҳарбий қўшинларни бир жойдан иккинчисига кўчириш ҳар қандай давлат қуролли кучлари учун одатий амалиётдир. Миллий ҳудудда олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар ҳеч қандай огоҳлантириш ва изоҳни талаб қилмайди. ОАВда Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги ҳар қандай хабарлар асоссиз”, дея қўшимча қилди у ўз баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасидаги чегара билан боғлиқ жиддий зиддиятлар 2014 йил Украинага қарашли Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши ортидан аланга олганди. 2013 йил украин халқи, президент Януковични Россияга сотилганликда ва Россия босими остида ғарб билан иқтисодий-сиёсий алоқаларни узишга уринаётгаликда айблаб, Евромайдон деб номланган ҳудудга тўпланишганди. Норозилик акциялари ўтказилиши ортидан мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида жиддий тўсиқлар вужудга келган.

Европа оммавий ахборот воситалари ва АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, айни вақтда Россия ўзининг Ғарбий чегара ҳудудида 175 минг аскар тўпламоқда. Халқаро ҳамжамият эса буни Украинага таҳдид сифатида баҳоламоқда. Айни вақтда кун тартибида турган ушбу масала, 7 декабрь куни Путин ва Байден ўртасида кечган мулоқотда ҳам муҳокама қилинди.

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

928

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг