Москва BRICS’ни кенгайтиришда Беларусь ва Қозоғистонга алоҳида эътибор қаратади – Россия ТИВ
Олам
−
25 Август 2023
7070Россия BRICS’нинг навбатдаги кенгайишини муҳокама қилишда Қозоғистон ва Беларусь номзодларига устунлик беради. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ташкилотнинг Жанубий Африка Республикасида ўтказилган саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Албатта, Қозоғистон ва Беларусь бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздир. Биз [BRICS кенгайишининг] кейинги йўналишини кўриб чиқсак, бу мамлакатларга устувор аҳамият берамиз”, дейди вазир ўринбосари.
Рябковнинг сўзларига кўра, Россия 2024 йилда BRICS’га раисликни ўз зиммасига олганида, ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида узлуксизликни таъминлайди. Унинг қайд этишича, бирлашмага таклиф олган BRICS’нинг барча янги олтита давлати ундан фойдаланишга тайёр эканликларини тасдиқлаган.
“Албатта, биз 1 январни кутмасдан, барча таклиф этилган давлатлар билан маслаҳатлашиб, BRICS фаолиятида иштирок этиш форматларини белгилаймиз”, дейди дипломат.
Унинг сўзларига кўра, OPEC мамлакатлари BRICS’га кириши билан ассоциациянинг энергия компоненти ҳам ортади.
“BRICS доирасида ушбу соҳада ахборот алмашиш ва тадқиқотлар учун шакл ва форматлар аллақачон ишлаб чиқилган. Бу бутун энергетика соҳасини бир платформада бирлаштиришдир, чунки BRICS бугунги кунда нафақат экспорт қилувчи ишлаб чиқарувчиларни, балки энг йирик истеъмолчиларни ҳам бирлаштиради”, дея тушунтирган Рябко.
Шу билан бирга, Россия ТИВ Ғарб давлатларини BRICS’га ёки ташкилот тадбирларига таклиф қилишни рад этган.
“Ғарб гуруҳига келсак, умуман олганда, у ва унинг ҳар бир аъзоси алоҳида-алоҳида қарама-қарши йўналишни давом эттирмоқда, шунинг учун нафақат бу гуруҳдан кимнидир BRICS’га, балки бизнинг ташкилотимиз тадбирларига таклиф қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Биз бу йўналишга қатъий амал қиламиз”, дейди вазир ўринбосари.
Бундан ташқари, Рябков BRICS’даги ягона ҳисоб бирлиги мавзусига изоҳ берган, унинг сўзларига кўра, бу келажак масаласига айланади.
“Ягона ҳисоб бирлиги кейинги қадамдир. Менимча, биз BRICS давлатларидан энг қисқа вақт ичида баъзи тарихий даврларни босиб ўтиш нуқтаи назаридан мўъжизалар кутишимиз керак эмас. Бу йўлда ҳам янги натижалар бўлади”, дея таъкидлади вазир ўринбосари Европа Иттифоқи ҳам бир неча ўн йилларда ягона валютага ўтганини эслатиб.
Эслатиб ўтамиз, 22-24 август кунлари ЖАРнинг Йоханнесбург шаҳрида BRICS’нинг 15-саммити бўлиб ўтганди. Унинг охирида BRICS’га расман БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Аргентина, Миср ва Эфиопия таклиф этилгани маълум қилинди.
LiveБарчаси