Молия вазирлигининг айрим функциялари жамоат бирлашмаларига ўтказилади
Жамият
−
05 Август 2021
3612Кеча, 4 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Aудиторларни сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5210-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ 2021 йил 15 августдан бошлаб Молия вазирлигининг аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш, аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш, аудиторларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш функциялари аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига ўтказилади.
Хорижий мамлакатлар тажрибасига асосан (МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи, Япония, AҚШ ва бошқалар) аудиторларни сертификатлаштириш бўйича умумий йўналиш мавжуд бўлиб, унда жамоат (ўзини ўзи тартибга солувчи) ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига малака имтиҳонларини тасдиқланган тартиб ва регламентга мувофиқ ўтказиш учун мустақил равишда ёки биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиш ва республиканинг барча ҳудудларида аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва аудиторлар малакасини ошириш мақсадида ҳудудлардаги тармоқларни ривожлантириш ҳуқуқлар тақдим этилмоқда.
Молия вазирлиги аудиторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда аудиторнинг малака сертификатини малака имтиҳонидан ўтмасдан бериш учун асос бўладиган бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари рўйхатини тасдиқлайди, уларга малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказишда техник ва услубий ёрдам кўрсатади ҳамда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида имтиҳонлар ўтказиш ва натижаларни баҳолашнинг шаффофлигини таъминловчи самарали аудиторларни сертификатлаш тизимини жорий этади. Шунингдек, малака имтиҳонлари, аудиторларнинг малакасини ошириш натижалари асосида ахборот ҳамкорлигини, аудиторлик фаолиятининг ташқи сифат назоратини таъминлаш бўйича вазифаларни амалга оширади.
Қарор билан республиканинг барча ҳудудларида аудиторлик соҳасида кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида соҳани ривожлантириш бўйича 15 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди. “Йўл харитаси” учта муҳим йўналишни қамраб олган. Биринчи йўналиш республика ҳудудларида аудиторлик фаолияти соҳасида мутахассислар тайёрлаш, аудиторлар малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш ва аудиторларнинг малакасини оширишнинг илғор услубларни жорий қилиш. Иккинчи йўналиш аудиторлик фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва учинчиси аудиторларни сертификатлаш бўйича янги тизимни жорий қилишнинг аҳамиятини тушунтириш ишларидан иборат.
Республика ҳудудида аудиторлик фаолияти соҳасида малакали мутахассислар тайёрлашнинг илғор усулларини жорий этиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” фанлари бўйича педогогларни ўқув марказларида аудитнинг халқаро стандартлари бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқлаб боради. Бакалавриат ва магистратура мутахассисликларида аудитнинг халқаро стандартларини чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурлари тасдиқланади.
Малака имтиҳонларини ташкил этиш ва тузилиши тўғрисидаги маълумотлар, ўқув дастурлари, шунингдек малака имтиҳонлари натижалари жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Қарорнинг қабул қилиниши натижасида аудиторлик касби нуфузини ва аудиторлик хизматлари бозорида аудиторлар сонини ҳамда ёшларни аудиторлик касбига қизиқишини ошишига, аудиторлик хулосаларини ишончилилигини таъминланишига, аудиторларни сертификатлаштиришда шаффоф ва замонавий малакавий имтиҳонларни ўтказилишини таъминлашига олиб келади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь