Молия вазирлиги давлат харидларидаги камчиликларни яширишдан манфаатдорми? – сенатор Эркаев

Жамият

Молия вазири Тимур Ишметов бугун, 18 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 35-ялпи мажлисида ҳисобот топширди. Сенатор Абдураҳим Эркаев Молия вазирининг ҳисоботидан қониқмай, унинг гаплари “эски ҳаммом, эски тос” эканини қайд этди.

“Давлат харидлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги ваколатли орган ҳисобланади. Мен ҳисоботни диққат билан тингладим ва тақдим этилган ҳужжатлар билан ҳам олдиндан танишиб чиқдим. Мазкур ҳисоботларда давлат харидлари борасида асосан ижобий маълумотлар айтилиб, хато ва камчиликлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими бўйича Молия вазирлиги нима қилмоқчи, қандай чоралар кўрмоқчилиги қайд этилган. Сенатнинг ўтган мажлисларида ҳам “Давлат бюджети ижроси” тўғрисидаги ҳисоботларда даромадлар ва харажатлар, жумладан, давлат харидлари тўлиқ очиб берилмаётгани, таъсир ишлари етарли эмаслиги бир неча бор кўрсатиб ўтилган эди. Бу галги маърузада яна ўша ҳолат – “эски ҳаммом, эски тос!” Бу ерда “Молия вазирлиги давлат харидларидаги камчиликларни жамоатчилик ва Сенатдан яширишдан манфаатдорми?”, деган ҳақли савол пайдо бўлмоқда”, дейди сенатор Эркаев.

Шунингдек, у Ишметов ҳисоботидаги бир вилоятнинг ўзида 10 та ҳолатда 403,4 млрд сўмлик шартномаларни сунъий равишда қисмларга бўлиб сотиш учун савдога қўйилганини мисол тариқасида келтириб, бу қонунларга мутлақо зидлигини билдирди.

“Яна 17 та ҳолатда 6,6 млрд сўмлик бошланғич нархдан юқори нархда харид қилиш каби хато ва камчиликлар аниқланганини кўриш мумкин. Бутун Республика бўйича аҳвол бундан ҳам баттар бўлса ажаб эмас. Ҳақиқий аҳволнинг қандайлигига Молия вазири изоҳ бериб ўтсин”, дея Тимур Ишметовга юзланди сенатор.

Унинг саволига жавобан вазир Тимур Ишметов ҳисоботларнинг янги шаклига кейинги йилдан ўтмоқчилигини билдирди. 

“Давлат харидларидаги камчиликларга келадиган бўлсак, нафақат Молия вазирлигида, балки ҳукуматда ҳеч қандай манфаат йўқ. Бунинг исботи давлат харидлари бўйича портал яратилган ва у очиқ. Ўша порталда ҳамма маълумотлар бор. Лекин танқидлардан сўнг, биз тегишли халқаро молия ташкилотларининг ёрдамини олиб бу портални қайта ишлаб чиқяпмиз. Портални халқаро андозаларга мослаб, қайта ишлаб чиқдик ва у кейинги йилнинг 1 январидан ишга тушади”, деди Тимур Ишметов.

Давлат харидларидаги камчиликларга оид савол жавобига Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев қўшимча киритар экан, умумий бюджет бажарилиши бўйича хулосаларни келтириб ўтди.
“Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 5,8 фоизга етди. Айниқса иқтисодиётимизнинг драйвери бўлган саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг устувор ривожланиши таъминланди. Шунинг натижасида давлат бюджети таъминланиши ва бюджет тақчиллигининг барқарор сақланишига (3,2%) олиб келинди”, деди Гадоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг