Мижозимнинг ўзи ҳам ёнган – “зам ҳоким”ни ёқиб юборган тадбиркорнинг адвокати
Интервью
−
31 Июль 2019
10785Аввалроқ, сайтимизда яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг ўғли Шарофиддин Даминов билан суҳбатни эълон қилган эдик. У отасининг аҳволи ва туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг ёқиб юборилишигача бўлган вазият ҳақида сўзлаб берганди.
QALAMPIR.UZ мухбири Баҳриддин Исомовнинг адвокати Музаффар Одилов билан суҳбатлашди. У бизга Мансур Туймаевнинг ёқиб юборилиши ҳодисасини тадбиркорнинг айтганлари бўйича сўзлаб берди.
“Ўша куни Исомовнинг қўлига бензинни профилактика инспектори Жасур исмли шахс берган. Баҳриддин Исомов бульдозерни устимдан ҳайдаб ўт-да, кейин дўконимни буз деб, турганда ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев бульдозер билан дўконнинг зиналарини 5-6 мартта урган. Дўкон ичида эса одамлар бўлган.
“Мен ўлишгаям розиман лекин ўша пайтда ўзимни ўзим бошқаролмай қолдим кўз олдимда оилам ва дўконим турганди”, деди мижозим. Унинг айтишича, бульдозерни ёқиш орқали бузишга келганларни қўрқитмоқчи бўлган. Бу ишни қандай қилганини ҳам англамаган. Чўнтагидан ишламайдиган ёндиргич олиб, ёқишга уринганда учқундан қўли ёна бошлаган. Исомов кейин қўлини бульдозерга теккизган. Бульдозер олов олган ва учқун бульдозер салонига сачраган. Ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев шу куни маст бўлган. Дўконни бузаман деб, турган одамлариям унинг ёнида эди. Ҳоким ўринбосари маст бўлганини буйнига олган. Тартиб бўйича Исомов экспертизага 3-4 киши йиғилгандан сўнг икки ҳафтада шифохонанинг ичидаги 13-бўлимга олиб борилгач, мутахассислар билан суҳбат ўтказилади. Шу йўл билан экспертизадан ўтгач, қайтиб Жазони ижро этиш муассасасидаги тергов изоляторига олиб келинади. Бунга 10-15 кун ёки бир ой кетиши мумкин”, дейди Музаффар Одилов.
Адвокат Баҳриддин Исомовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун Бош прокурор қабулига кирмоқчи эканини айтиб ўтди.
“Эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун Бош прокурорнинг олдига кирмоқчиман. Ҳоким ўринбосари қандай тан жароҳати олганига қараб, уни куйганлик даражасини аниқлашмаган. Лекин кўп жойи куймаган. Қўли ва юзи озгина куйган. Бу ерда қўл кўтариш бўлмаган, жароҳат излари йўқ.
Бундан ташқари оила аъзолари жумладан хотини ва ўғли билан учраштирилган. Учрашувлар терговчининг рухсати билан амалга оширилган. Ҳозир ўғли Яккабоғда”, деб таъкидлади Одилов.
Адвокатга кўра, дўконни бузишга келишдан олдин Исомов бульдозер эгасига агар бузадиган бўлсанг, тракторингни ёқиб юбораман деган.
“Тўғри бузиш ноқонуний бўлган. Ҳеч қандай қарор йўқ. Қарорни суд чиқариши мумкин ва қарор чиқса, мажбурий ижрога берилади. Кейин ижро қонуний бузади. Унга ҳеч ким қаршилик қилолмайди. Бульдозер эгаси мен бузмайман деб айтган экан. Кейин Туймаев рулга ўтирган. Ичкарида тазйиқ ўтказиш, уриш ҳолати бўлмаган. Қўлидаги куйган жароҳатлар секин битяпти, дейди адвокат Музаффар Одилов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев. “Ҳисор Сарлочин” МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Бахриддин Исомов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Мансур Туймаевнинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Руй берган воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.
27 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов “Эски Яккабоғ” қўрғонида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилган. Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган. Туман ҳокими, воқеа “қаҳрамони” Туймаев ҳамда туман прокурори ишдан олинган.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан жиноий иш очилган. Баҳриддин Исомов эса Тошкентга экспертизадан ўтиш учун Тошкентга келтирилган ҳамда ҳозирда Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасаларидан биридаги биринчи сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Исомовнинг адвокати Музаффар Одилов Б. Исомов сақланаётган тергов изоляторида бўлиб, у билан гаплашишга муваффақ бўлган.
LiveБарчаси