Мисрда бортида 220 нафар сайёҳ бўлган кема ёниб кетди (видео)
Олам
−
30 Октябрь 6561 2 дақиқа
Мисрда "Iberotel Crown Empress" номли сайёҳлик круиз лайнерида ёнғин содир бўлди. Кема бортидан 200 дан ортиқ киши эвакуация қилинган. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, фавқулодда ҳодиса кеча, 29 октябрга ўтар кечаси Нил дарёсида юз берган. Ёнғин кеманинг ошхонасида бошланган ва тезда бутун корпусни қамраб олган. Кема экипажи хавф сигналини берган ва йўловчиларга юқори палубага чиқишга ёрдамлашган.
Кема тезкор тарзда Эсна яқинидаги норасмий лангар жойига тўхтатилган, бу эса турли мамлакатлардан бўлган 220 га яқин сайёҳни эвакуация қилиш имконини берган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Маълум қилинишича, кемадаги сайёҳлар Нил бўйлаб 12 кунлик сафарга чиқишлари керак бўлган, аммо ёнғин сафарнинг биринчи кунидаёқ юз берган.
“Бу чинакам ваҳима эди. Одамлар нима қилишни билмай қолишди. Баъзи йўловчилар трап орқали хавфсиз жойга чиқиб олишди, бошқалари эса хоналарини тарк эта олмай, ниҳоят икки кичик қайиқ ёрдамида қутқарилди”, дейди сайёҳлардан бири.
Йўловчилар, шунингдек, ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун багажларини кемада қолдиришга мажбур бўлганини айтган.
Прокуратура ҳолат юзасидан тергов бошлаган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга сабаб кеманинг ошхонасида чиққан қисқа туташув бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Батам оролида таъмирдаги танкер ёниб кетиши оқибатида 10 киши ҳалок бўлганди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Федерал II танкерида ишлаган ишчилар бўлган. Яна 21 нафар ишчи тан жароҳати олган.
Live
Барчаси