Мирзиёевнинг махсус вакили хитойлик мавқедоши билан Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Юэ Сяоюн билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг Афғонистон инқирозини тинч йўл билан тартибга солиш, мамлакатга тез орада гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлари юзасидан фикр алмашилган.  

ХХР ТИВ вакили Ўзбекистон раҳбариятининг Ўзбекистон-Хитой мулоқотини, шу жумладан Афғонистон йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш сиёсатини юқори баҳолаган.  

Томонлар қайд этганидек, Афғонистондаги кескин ижтимоий-гуманитар инқирозни бартараф этиш, бу ерда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш фақат ушбу давлат янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг муштарак ёндошувларини ишлаб чиқиш асосидагина амалга оширилиши мумкин. 

Шунингдек, Афғонистон ҳудудида энергетика ва транспорт-логистика соҳасида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги ҳам таъкидланган. 

Ўзбекистон ва ХХР махсус вакиллар даражасида Афғонистон масаласида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг