Мирзиёевга Европадан ҳам табриклар келди
Жамият
−
25 Июль 5093 6 дақиқа
Кеча, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 68 ёшга тўлди. Унинг таваллуд куни муносабати билан дунёнинг турли бурчакларидан самимий қутловлар келмоқда. Хусусан, Италия Бош вазири Жоржия Мелони ҳам Президентга табрик йўллади.
“Менга ва мен бошчилигимдаги делегацияга Ўзбекистонга сўнгги ташрифим чоғида кўрсатилган самимий қабул учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман. Айниқса, Самарқанд каби тарихи бой ва минг йиллик маданият тимсоли бўлган шаҳарнинг гўзаллигини ўз кўзим билан кўриш бахтига мушарраф бўлганимдан жуда мамнунман. Бу имконият Сиз ва ўзбек халқи томонидан кўрсатилган буюк меҳмондўстлик туфайли амалга ошди”, дейилади Мелонининг табригида.
Шунингдек, Бош вазир ўзаро манфаатли барча масалалар юзасидан самарали муҳокамалар ўтказилганидан мамнунлиги ва миннатдорлигини билдирган. У икки мамлакатни боғлаб турувчи стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида иш олиб борилаётганини таъкидлаган. Имзоланган келишувлар сони ва аҳамияти, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорлик чуқурлиги ва кенг қамровли эканидан далолат бериши, уни янада кенгайтириш ниятида эканини қайд этган.
“Шу муносабат билан, олдин белгилаб олган ҳаракатлар режасига мувофиқ, муҳокама қилинган барча масалалар бўйича амалий ишлар бошланганидан хурсандман. Хусусан, Стратегик мулоқот ва Қўшма комиссияни белгилаш, шунингдек, муҳим соҳалар, жумладан, маданият, касбий тайёргарлик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳақидаги янгиликлар мени мамнун қилди”, дейилади табрикда.
Италия ҳукумати раҳбари бу ишлар амалга оширилишида қатъий ҳаракат қилиб, уларни муваффақиятли бажариш орқали Ўзбекистон каби ўзига хос шерик билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш ниятида эканини билдирган. Шу билан бирга, минтақавий ҳамкорлик соҳасидаги фаолиятни ҳам қўллаб-қувватлаган. Шу муносабат билан “1+5” форматидаги биринчи саммитда иштирок этгани учун Мирзиёевга яна бир бор миннатдорлик билдирган.
“Яна учрашиш умидида, ушбу имкониятдан фойдаланиб, Сизга самимий тилакларимни ва туғилган кун муносабати билан табригимни изҳор этаман.
Сиз билан тез орада яна кўришишга умид қиламан!” дейилади Жоржия Мелонининг табрик мактубида.
Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта эса Мирзиёевга йўллаган табригида Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи саммитининг муваффақиятини таъминлашдаги ҳал қилувчи роли учун Ўзбекистон раҳбарига ўз миннатдорлигини билдирган.

“Ушбу муҳим саммит Халқаро иқлим форуми билан биргаликда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик шерикликда, Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама муносабатларимизда янги ва муҳим саҳифа очди. Сизнинг раҳбарлигингизда бизга кўрсатилган олижаноб ва эътиборли меҳмондўстлик барча иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди ҳамда чинакам унутилмас ва мазмунли Саммитнинг муваффақиятли ўтишига хизмат қилди.
Энди келажакка ишонч ва шижоат билан қараяпмиз. Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида инновациялар, “яшил” энергетика, муҳим материаллар, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва ўзаро боғлиқлик каби устувор соҳаларни қамраб олган умумий кун тартиби чуқур ҳамкорлик ва фуқароларимиз учун сезиларли натижаларга мустаҳкам асос яратади. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг кўп қиррали ҳамкорлиги, айниқса, иқлим соҳасидаги глобал мақсадларни илгари суриш, мамлакатингизнинг барқарор ривожланиш ва минтақавий мулоқот масалаларида етакчилиги учун Европа Иттифоқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман”, дейди Кошта.
У Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда яна бир муҳим босқични бошлаб берадиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун Мирзиёевни Брюсселда қутлаш имкониятини интиқлик билан кутаётганини қайд этган. Кошта учрашув стратегик мулоқотни давом эттириш, шунингдек, муштарак қадриятлар ва умумий мақсадлар асосига қурилган шерикликни илгари суриш йўлида биргаликда ишлаш учун қулай имконият яратишига ишонч билдирган.
“Таваллуд кунингиз муносабати билан Сизга ўзимнинг энг самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Шунингдек, туғилган куним муносабати билан йўллаган мактубингиздаги эзгу тилакларингиз учун чуқур миннатдорлигимни билдирмоқчиман”, деб ёзган Европа Кенгаши Президенти.
Шунингдек, қуйидагилар ҳам Президент Мирзиёевга ўз табрикларини йўллаган:
- Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин,
- Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин,
- Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев,
- Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров,
- Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон,
- Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов,
- Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов,
- Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев,
- Беларусь Республикасидан Александр Лукашенко,
- Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған,
- Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси,
- Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён,
- Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух,
- Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта,
- Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла,
- Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржия Мелони,
- Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусар,
- Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич,
- Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент девони раиси Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
- Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
- Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев,
- Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко,
- Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин,
- Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев,
- Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян,
- Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаев,
- Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
- Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
- Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад Хон,
- Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати Раиси Бакитжан Сагинтаев,
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо,
- Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф,
- Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов,
- Хитой экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Чэнь Хуаюй,
- Ипак йўли фонди раиси Чжу Цзюнь,
- Москва ва Бутун Рус патриархи Кирилл,
- Кавказ мусулмонлар идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода,
- Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер,
- Европарламентнинг Франциядан сайланган депутати Тьерри Мариани,
- АҚШ Конгресси аъзолари Трент Келли ва Кэрол Миллер,
- Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов,
- Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов,
- Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм.
Маълумот учун, 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммити бўлиб ўтганди. 28-29 май кунлари эса Италия Республикаси Бош вазири Жоржия Мелонининг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлганди
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь