Мирзиёева, Иванка Трамп ва Тереза Мэй Дубайда бир даврада йиғилади
Жамият
−
14 Февраль 2020
14189Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган йирик форумда иштирок этади. У форумда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси номидан қатнашиши айтилмоқда.
“Шу йилнинг 16-17 февраль кунлари Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Дубай амирлиги шайхи Манал бинт Муҳаммад бен Рашид Ал Мактум зоти олийлари таклифига биноан Дубайда ўтказиладиган Бутунжаҳон аёллар форумида иштирок этади”, дейилади тарқатилаётган хабарларда.
Қайд этилишича, форумга таклиф этилган меҳмонлар орасида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп, британиялик таниқли сиёсатчи, собиқ Бош вазир Тереза Мэй каби дунёнинг нуфузли аёллари ҳам бор.
Форумда Саида Мирзиёева Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилади.
Форумга 87 мамлкатдан 3000 га яқин делегат, 100 та маърузачи, Халқаро Валюта Фонди, Жаҳон Банки, БМТ ва ПРООН каби ташкилотлар вакиллари таклиф қилинган.