Мирзиёев Жиддага етиб борди
Жамият
−
18 Июль 2023
13892Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга етиб борди.
Жидда шаҳрининг халқаро аэропортида Мирзиёевни Макка минтақаси ҳокими ўринбосари шаҳзода Бадр бин Султон Ол Сауд ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.
Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбари Жидда шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Саммитнинг асосий тадбирлари – “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги давлат раҳбарлари йиғилиши ҳамда икки томонлама музокаралар эртага, 19 июль куни бўлиб ўтади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувда Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қатар Давлати, Кувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон Султонлиги, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳамда кенгашнинг Бош котиби иштирок этиши кўзда тутилган.
Кун тартибига мувофиқ, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саммитда қатнашиши хабар қилинганди
LiveБарчаси