Мирзиёев Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бўлиб турган Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Пак Чин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув давомида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги ўзаро кўмакни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.

Статистикага кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги товар алмашинуви ҳажми ўтган йили 24 фоизга ўсган. Корея компанияларидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳалар портфели “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, машинасозлик, кимё саноати, электротехника ва тўқимачилик тармоқлари, инфратузилмавий ривожланиш, шаҳарсозлик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олиши маълум қилинган.

Катта ёшдагилар учун тўртинчи даражали кўп тармоқли шифохона, онкология клиникаси, фармацевтика кластери ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасасини барпо этиш бўйича ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Ярим ўтказгичлар инновацион кластерини қуриш ҳамда Нодир металлар ва қотишмалар маркази фаолиятини ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган.

Шунингдек, учрашувда ўтган йили Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 85 йиллигини нишонлаган корейс миллатига мансуб аҳолини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда Корейс маданияти ва санъати уйи фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг космик ракета учирганидан хавотир билдирганди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев эса Қўштепа канали қурилиши ортидан келадиган экологик хавф Шимолий Корея космик ракетасидан кўра хавотирлироқ эканига урғу берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг