Мирзиёев Европа билан қандай ҳамкорлик қилмоқчи? Қандай таклифлар бор?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 октябрь куни Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида иштирок этиб, минтақанинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини изчил чуқурлаштиришга чақирди ва бу борада қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Унинг қайд этишича, энг аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс масалаларни ҳал этиш зарур. Булар:

•    саноат маҳсулотларимизнинг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш;

•    ҳозирги мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш;

•    европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш;

•    Европанинг инвестициялари ва технологияларига бўлган катта эҳтиёжни қондириш.

Ушбу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этиш ҳамда “Global Gateway” ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Европа томонини минтақада қабул қилинган “Яшил кун тартиби” дастурини амалга оширишда фаол иштирок этишга, жумладан, эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, “Smart-AKIS” Европа тармоғи ёрдамида “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятларини ишга солишга чақирди.

Гуманитар соҳада ҳамкорликни таълим ва инновация алмашинувлари, маданий ва сайёҳлик алоқалари каби йўналишларда фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

 “Эразмус плюс” ва «”Горизонт Европа” дастурлари доирасида таълим бўйича Европанинг илғор методикаларини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш, қўшма фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш таклиф қилинди.

Европалик ҳамкорларни минтақа халқларининг ноёб тарихий мероси, бой маданияти ва анъаналари билан кенг таништириш мақсадида ноябрь ойининг иккинчи ярмида Парижнинг Лувр музейида йирик кўргазма ташкил этиш режалаштирилган.

“Бундай тадбирларни ҳар йили – Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш тарафдоримиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари туризм соҳасида улкан салоҳият борлигини таъкидлаб, келгуси йилда Хива шаҳрида ўтказиладиган “ЕИ – Марказий Осиё” биринчи туризм форуми доирасида Европанинг етакчи операторлари эътиборига Умумий минтақавий туризм маҳсулотлари концепциясини тақдим этишни таклиф этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг