Мирзиёев Еврокенгаш раиси билан норасмий учрашув ўтказди
Жамият
−
02 Апрель
3331Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 апрель куни кечқурун Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан норасмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Европа Иттифоқининг олий мартабали вакили бугун эрталаб Ўзбекистонга келган ва Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон халқининг маданий-тарихий мероси билан танишган.
Учрашувда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Бўлажак “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик масалалари атрофлича кўриб чиқилган.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммит 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади ва унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Саммит давомида Евроиттифоқ ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича содиқлигини тасдиқлаши кутилмоқда. Булар қаторига транспорт ва рақамли алоқа, муҳим хомашё ресурслари, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги шериклик ҳамда энергетик ўтиш жараёни киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюргани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Хоразмда ўқитувчига ҳайкал қўйилди.
13 Апрель
Самарқандда юк машинаси ёниб кетди.
13 Апрель