Мирзиёев ЕТТБ раҳбари билан учрашди
Жамият
−
01 Май
3702Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасида шерикликнинг юксак даражасига эришилгани, яқин ва самарали ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Бугунги кунда банкнинг мамлакатдаги лойиҳалари портфели 4,4 миллиард евродан ошган. Уларда хусусий сектор улуши 70 фоизга яқинлашган.
Ҳамкорлик йўналишлари ва кўламини, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлиги, муқобил энергетика, рақамли технологиялар каби соҳаларда кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида янги Шериклик стратегияси қабул қилинган.
"Банкнинг фаол кўмаги ва бевосита иштирокида давлат корхоналарини хусусийлаштиришга тайёрлаш тадбирлари олиб борилмоқда, банк-молия соҳасида йирик битимлар амалга оширилди, “яшил” энергетика, транспорт инфратузилмаси, экология, ва бошқа устувор йўналишларда меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда", дейилади хабарда.
Давлат раҳбари сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, “яшил” шаҳарларни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, бўлажак Хорижий инвесторлар кенгаши мажлисининг кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган.