Мирзиёев Япония ТИВ раҳбари билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 27 август куни расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Япония Ташқи ишлар вазири Такэси Ивая бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Такэси Ивая Президент Мирзиёевга Япония Бош вазири Сигэру Исибанинг самимий саломи ва Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан йўллаган табрикларини етказди.

Учрашувда Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Фаол мулоқотлар давом этаётгани ва амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Иваянинг ўзбекистонлик мавқедоши Бахтиёр Саидов билан бугун ўтказган Стратегик мулоқоти биринчи йиғилишининг натижалари юксак баҳоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари ва япониялик вазир сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аниқ лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Япония маркази фаолиятини кенгайтириш ва келгусида унинг негизида Япониянинг етакчи университетлари иштирокида қўшма университет ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан “Марказий Осиё + Япония” форматидаги бўлажак саммитни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 август куни Япония Ташқи ишлар вазири Такэси Ивая рафиқаси билан Самарқанд шаҳрига келганди. Вазир ва рафиқаси Самарқандда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабри пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бугун, 27 август куни эса Япония Ташқи ишлар вазири Тошкентга келди. У рафиқаси билан Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги япон қабристонига ташриф буюриб, у ерга ҳам гуллар қўйди. Такэси Ивая ўзбекистонлик мавқедоши Бахтиёр Саидов билан ҳам учрашди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сигэру Исиба расмий ташриф Такэси Ивая Япония ТИВ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг