Мирзиёев водород энергетикасини ривожлантириш тўғрисида қарор имзолади

Жамият

image

Бугун, 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ушбу қарор билан, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

•  Фанлар академиясининг “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖ негизида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини;

•  институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича идоралараро комиссия тузилди ва унга қуйидаги вазифалар юкланди:

•  институт фаолияти ташкил этилишини мувофиқлаштириш;

•  қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек ушбу соҳалардаги истиқболли лойиҳалар амалга оширилишини таъминлаш;

•  қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида зарур тадқиқотлар ўтказиш ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш масалаларида вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;

•  қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий-техникавий лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш.

Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

•  қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш, ушбу соҳаларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш;

•  қайта тикланувчи энергия манбалари ва водороддан олинган энергияни электр ҳамда иссиқлик энергиясига айлантириш ҳисобига улардан иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ва тармоқларида самарали фойдаланиш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;

•  қайта тикланувчи энергия ва водородни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва (ёки) уларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар талабларига мослаштириш;

•  илғор давлатларнинг мазкур соҳалардаги илмий муассасалари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва улар иштирокида тадқиқотлар ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларда иштирок этиш;

•  маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий изланишдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизимни шакллантириш ва юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш;

•  қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород ишлаб чиқарувчи, улардан фойдаланувчи ҳамда ушбу турдаги энергия билан ишловчи ускуна, қурилма ва технологияларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг