Мирзиёев вафот этган мулозимнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
29 Сентябрь 18747 2 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган атоқли давлат ва жамоат арбоби Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этганди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизни амалга оширишда Исмоил Жўрабеков мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳани ривожлантириш, ёш кадрларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Исмоил Жўрабековнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади ҳамдардлик матнида.
Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаб, мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Жўрабековнинг номи Ўзбекистон сиёсий доираларида алоҳида ҳурмат билган тилга олинади. 1990 йилларда давлат агросаноатини бошқарган, 1994-1998 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, 2000-2004 йилларда эса Ўзбекистон Президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Ҳукумат раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритган Жўрабеков мамлакатда энг оғир ўтиш даврларида турли топшириқларни бажаришда жонбозлик кўрсатган. Ҳатто, ҳаётини хавф остига қўйган. У Биринчи Президент Ислом Каримовнинг сўзини икки қилганлардан бири саналади.
Марҳум ўз хотираларида Ислом Каримов унга Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи кўприкни портлатиб юборишни буюргани, бироқ у буни амалга оширмай, икки халқ ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолганини айтган.
Жўрабеков 9-11 чақириқларда Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати бўлган. У “Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари, шунингдек, Тожикистон ва собиқ иттифоқнинг бир қатор юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь