Мирзиёев ва Эрдўған ўртасидаги самимият ОАВнинг кун тартибига чиқди
Жамият
−
15 Октябрь 2019
10386Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни дақиқаларда Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида бўлиб турибди. Кеча, 14 октябрь куни старт олган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг асосий тадбирлари бугун, 15 октябрь куни бўлиб ўтади.
Кеча, 14 октябрь куни Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, бу борада биринчи галдаги вазифаларни белгилаб олдилар.
Шу куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг Олий мартабали меҳмонлари шарафига кечки овқат дастурхони ёзилди. Унда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси – мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев , Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбой Жээнбеков иштирок этган.
Туркия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг кечки овқатдаги саломлашиши, суҳбати ўта самимий руҳда кечган.
“Улар бир-бирини бағрига босиб, самимий мулоқот қилди”, деб ёзмоқда Туркия нашрлари. Улар кечки овқатдан кейинги чой суҳбатида ҳам ёнма-ён ўриндиқларда ўтирган.
2017 йилнинг кузида Туркияда ва ўтган йилнинг баҳорида Ўзбекистонда давлат ташрифлари доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар конструктив сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда 750 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилди. Шунингдек, ўзаро савдо ҳажми икки баробар ортди. Туркия бизнесининг Ўзбекистон бозорига чиқишдан манфаатдорлиги ортиб, ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.
LiveБарчаси