Мирзиёев Туркманистон Президенти билан учрашди
Олам
−
05 Август 3224 2 дақиқа
Бугун, 5 август куни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедовни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили”да БМТнинг глобал конференцияси юқори савияда ўтказилгани билан самимий қутлаб, Туркманистоннинг юксак давлат мукофоти – “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан тақдирлагани учун миннатдорлик билдирган.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Ўзаро товар айирбошлаш изчил ортиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган, олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 5 август куни конференция доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтганди. Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва қардош туркман халқига юксак давлат мукофоти учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Live
Барчаси