Мирзиёев Тўқаев билан Ўзбекистонда ўтадиган муҳим саммитни муҳокама қилди
Жамият
−
05 Апрель 2022
5202Бугун, 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим Жомарт-Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентлар Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклигини ривожлантириш истиқболларини ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Суҳбатдошлар Ўзбекистон раҳбарининг ўтган йил декабрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни самарали амалга ошириш юзасидан фикр алмашган.
Якунда Шавкат Мирзиёев ва Қосим Жомарт-Тўқаев муборак Рамазон ойининг бошланиши муносабати билан бир-бирини табриклаган.
“Телефон мулоқоти Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтди”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, Президентлар ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар дастур доирасида фаол алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратган.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ШҲТ саммитини ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашган.
LiveБарчаси