Мирзиёев табиий офатларга қарши бирлашишни сўради
Жамият
−
16 Март 2023
5156Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси жойлашган ҳудудлар ўз географик ва геологик хусусиятларига кўра, табиий офат ва хавф-хатарлар фаол содир бўладиган макон ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган (ТДТ)нинг навбатдан ташқари саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Минг афсуски, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари бу каби вайронкор ҳодисалар кўлами ва зарарини кескин оширмоқда”, дейди Президенд.
У бу йўналишдаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қуйидаги аниқ таклифларга эътибор қаратди:
“Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Иккинчидан, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирликларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини кескин фаоллаштиришимиз лозим. Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди.
Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак.
Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев, илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолаётганини айтди.
“Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, Ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёевнинг фикрича, Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорлигини кучайтириш лозим.
“Табиий офатлар хавфини камайтириш глобал жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатларни камайтириш бўйича халқаро стратегияси котибияти, Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш марказий жамғармаси каби халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни ўрнатиш бўйича Ташкилотимиз котибияти алоҳида шуғулланса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси