Мирзиёев сиёсатга хиёнатда айблаган собиқ “замҳоким” иши судда кўрилмоқда
Жамият
−
28 Декабрь 2021
16667Жиззах вилоятининг собиқ ҳоким ўринбосари Акром Раҳмонқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жорий йилнинг июнь ойида якунланиб, кўриб чиқиш учун Тошкент вилоят судига юборилган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Бош прокуратура вакилига кўра, суд жараёнлари якунланган, тез орада ҳукм эълон қилинади.
Қайд этилишича, собиқ ҳоким ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги томонидан Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида қурилаётган кўп қаватли бино охирига етмай қулаб тушганди. Ҳодиса Президент Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи олдидан содир бўлганди.
Президент ушбу ҳолатга муносабат билдириб, Акром Раҳмонқуловни “президент сиёсатига хиёнат қилган”лигини айтганди.
Бино қулаши ортидан вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқулов лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.
Мамлакат Бош прокурорига кўра, Акром Раҳмонқулов 2018 йилда лавозимга тайинлангач, уюшган жиноий гуруҳ тузиб, қарийб 20 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Хусусан, 2018—2020 йилларда Раҳмонқулов жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган.
“Терговда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги “Эски шаҳар” буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди. Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган эди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.
LiveБарчаси