Мирзиёев шахматчиларга қўнғироқ қилиб, уларни ғалаба билан табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган жамоа билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни ушбу буюк ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Жаҳонгиржон, ассалому алайкум! Ўзим номимдан, халқимиз номидан Ўзбекистон байроғини кўтариб, мана шундай бутун дунёга тараннум этганларинг билан, ўзингни олтин медал олганинг билан табриклайман. Нодирбек Ёқубовни, Жавоҳирни, Шамсиддинни мени номимдан ҳам табриклаб [қўйгин]. Худо хоҳласа, Ўзбекистонда кўришамиз. Бу тарихимизда жуда катта из қолдиради. Ўзбек миллати нимага қодир эканлигини яна бир марта намаён этдиларинг. Мен жуда хурсандман, кайфиятимга кайфият [қўшилди]. Бутун халқимиз силарни олқишлаяпти. Ўзбекистонда бугун катта байрам, тарихий байрам”, дейди Мирзиёев.

Суҳбат давомида, олимпиадада ўз доскасида индивидуал натижалар бўйича олтин медални қўлга киритган Жаҳонгир Воҳидов жамоа номидан давлат раҳбарига ишонч учун миннатдорлик билдирди.

“Сизга чин юракдан раҳмат айтамиз. Албатта, сизни бизга бўлган ишончингиз бу ерда ёрдам берди. Чемпион бўлишимизнинг негизида юртимизда шахмат бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ётганига ишончимиз комил. Келажакда ҳам шундай ёрқин-ёрқин натижаларни кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, дейди чемпион.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этиб, 162 та жамоа ичида 31-ўринни эгаллаган Ўзбекистон аёллар терма жамоасини ҳам табриклади, мураббийларига ташаккур айтди.

“Нидирландия билан ўйнаган ўйинларингни кўриб, мен қойил қолдим. Халқимиз номидан, ўзимни номимдан яна табриклайман, ғалабалар муборак бўлсин. Илоҳим, бу охиргиси бўлмасин. Мана 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Бутунжаҳон шахмат олимпиядасига ҳозирдан тайёргарлик қиламиз, лекин тайёргарликни силар бошлаб бердиларинг. Бутун дунё, бутун жаҳон қойил қолдики, энди Ўзбекистонга келишда улар ҳам катта тайёргарлик кўради. Биз ундан ҳам яхши тайёргарлик қиламиз. Қизларимизга ҳам мени номимдан табрик. Мураббийларига Президент алоҳида ташаккур ва раҳмат айтиб юборди денг”, дея таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

Маълумот учун, Ўзбекистон тарихда биринчи марта шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу Олимпиада давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди.

Ченнай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг сўнгги турида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Нидерландия терма жамоасини мағлубиятга учратди.

Ягона ғалаба Жаҳонгир Воҳидовга тегишли бўлди. Жаҳонгир Воҳидов Макс Вармердам билан кечган партияда Ўзбекистонга узоқ кутилган чемпионликни олиб келди.

Ўзбекистон терма жамоаси шарафи ҳимоя қилган яна бир шахматчи – Нодирбек Ёқуббоев Йорден ван Форест билан кечган партияда муроса кўчасини танлади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нодирбек Абдусатторов рақиби Аниш Кумар Гири билан муроса кўчасини танлашди. Шунингдек, Жавоҳир Синдоров Бок Бенжаминг билан учрашувда дуррангга имзо чекди.

Ўзбекистон Нидерландия термасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Маълумот учун, 1992 йил Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон вакиллари кумуш медалларни қўлга киритганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

362

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг