Мирзиёев Путин билан телефонда нималарни гаплашди
Жамият
−
16 Февраль 2023
14707Бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Давлат раҳбарлари ўзаро савдони кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини чуқурлаштириш, қўшма Лойиҳалар офиси доирасида устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратгани айтилмоқда.
Шу маънода, “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ва Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Икки давлат етакчилари маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиққан.
Кремль эса ушбу суҳбат тафсилотларига кўп тўхталмаган. Путин Матбуот хизмати Ўзбекистон раҳбари билан мулоқотни “Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид қатор масалалар кўриб чиқилди” деб изоҳлаган.
LiveБарчаси