Мирзиёев Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида қатнашди

Спорт

image

Бугун, 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчасидаги стадионда Президент Олимпиадасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, катта спорт байрамига чорлов мусиқаси янграган. Стадионга ҳудудий саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган спортчилар ва жамоалар, жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари чемпионлари чиқиб келган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган.

“Бугун Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган мана шу муаззам Олимпия шаҳарчасида сизлар билан бирга Президент Олимпиадаси ўйинларига старт бермоқдамиз. Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган, бутун юртимиз ёшларини олимпия ҳаракатининг эзгу ғоялари асосида бирлаштираётган ушбу спорт байрами барчамизга муборак бўлсин!” дейди давлат раҳбари.

Билдирилишича, сўнгги саккиз йилда бюджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга ошган, спорт мураббийларининг ўртача маоши 7 баробар кўпайган, 250 дан зиёд йирик спорт объектлари янгидан қурилган, 100 га яқини реконструкция қилинган. Маҳаллаларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда 2 мингга яқин спорт майдончалари барпо этилган, 14 та Олимпия ва Паралимпия марказлари тўлиқ замонавий инфратузилма билан таъминланган.

“Бу ишлар юртимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиши ва спорти юксак ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига мустаҳкам замин яратмоқда. Жумладан, Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мард ва баҳодир спортчиларимиз чинакам жасорат кўрсатиб, 13-ўринни эгаллади. Ана шундай зафарли юришнинг давоми сифатида жорий йилда ёшларимиз жаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида фахрли 2-ўринни эгалладилар. Айниқса, ўғил-қизларимиз жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд натижаларга эришгани юртимизнинг халқаро Олимпия ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини яққол кўрсатиб турибди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

“Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг спорт тарихини юзлаб иродаси мустаҳкам, жасур ва матонатли, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ўғил-қизларимиз яратмоқда. Ана шундай қаҳрамон спортчиларимизга шон-шарафлар бўлсин! Уларнинг боши узра Ватанимиз байроғи ҳамиша мағрур ҳилпираб турсин!” дейди Президент.

Бугунги кунда дунёда барча соҳалар қатори спорт оламида ҳам кескин кураш ва рақобат кечаётгани таъкидланган. Бу эса нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёргарлик тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Бу ишларни энг қуйи бўғин бўлган маҳалладан бошлаш учун жорий йил беш босқичли оммавий спорт мусобақалари билан 15 миллион аҳоли қамраб олинган. Адаптив спортга берилаётган эътибор туфайли сўнгги уч йилда параспортчилар сони қарийб етти карра ошиб, 70 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар оммавий спортга жалб этилган. Соҳани рақамлаштириш ва шаффофлигини ошириш ҳисобига барча 10 минг мактаб ва 9 минг маҳалладаги ўғил-қизлар ўз салоҳиятини намоён қилиш имконига эга бўлган.

Энди энг иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинлари бошланмоқда. Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган. Энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизлар Президент Олимпиадасига келган. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлаган.

Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг асосийси, улар терма жамоаларга тўғридан-тўғри йўналтирилади.

Аъло даражадаги тайёргарликни давом эттириш учун улар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилинади ва ҳар бирига стипендия берилади. Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар йили ўтказиладиган Президент Олимпиадаси янги иқтидорларни кашф қилиб, самарали селекция тизимига айланади.

Келгуси йилдан бошлаб, сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, Президент Олимпиадасидаги спорт турлари 20 тага етказилади.

2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ҳамда 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилади. “Бундай йирик мусобақалар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, катта маҳорат мактаби бўлади, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатида халқаро обрў-эътиборини янада оширади. Президент Олимпиадаси тизими эса ҳеч шубҳасиз, бундай мусобақаларга жавоҳир спортчиларни танлаб олишга, хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари учун ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини кўпайтиришга хизмат қилади”, дейди Президент.

Давлат раҳбари хушхабарни эълон қилиш учун нутқида танаффус қилган. Шахмат бўйича Жаҳон кубоги финалида гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ғалаба қозонгани ҳақидаги янгилик гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган.

Сўзини давом эттирар экан, Президент спортнинг тарбиявий аҳамиятига тўхталиб ўтган. Турли зарарли ғоя ва таъсирлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани таъкидланган.

“Мен бу борада спортни тарбиядан, тарбияни эса спортдан айри ҳолда тасаввур этолмайдиган сиздек ҳурматли спортчилар, фахрийларимиз ва устоз-мураббийларга таянаман”, дейди Президент.

Давлат раҳбари сўзининг якунида Олимпиада иштирокчиларига омад ва зафарлар тилаган. Стадионга Ўзбекистон байроғи олиб чиқилган ва кўтарилган, мамлакат мадҳияси ижро этилган. Олимпия машъаласи ёқилиб, катта спорт байрами бошланган. Тадбир театрлаштирилган маданий дастур билан давом этган.

Маросимдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шахматчи Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилган.

Давлат раҳбари Синдоровни Ҳиндистонда ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогида эришган ғалабаси билан ўз номидан ва барча юртдошлар номидан қизғин табриклаб, ушбу тарихий воқеа бутун халқни қувонтирганини таъкидлаган. Ёш спортчига келгуси йилда Кипрда бўлиб ўтадиган Даъвогарлар турнирида муваффақиятлар тилаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг