Мирзиёев Наманганда ёшлар билан учрашув ўтказди
Жамият
−
03 Февраль 2023
7802Бугун, 3 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” кутубхонасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу мажмуа 2021 йил фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда кутубхона 70 мингта китоб фондига эга. Кутубхона жаҳондаги йирик электрон кутубхоналар тармоғига уланган.
Давлат раҳбари шу ерда наманганлик ёшлар билан мулоқот қилди.
“Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда. Буларни эшитиб, кўриб, хурсанд бўламан. Ёшларимиз учун янада кўпроқ имкониятлар ташкил қилишни ўйлайман”, дейди Президент.
Маълум қилинишича, вилоятда йигит-қизлар учун кўп дастурлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 140 миллиард сўм маблағ берилиб, 6 мингдан зиёд ёш ўз йўлини топган.
Шунингдек, 2,5 минг гектар экин майдонларини ажратиш натижасида 20 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Шароити оғир қарийб 5 минг ёшга контракт пуллари тўлаб берилган.
“Хабарингиз бор, бу йилни юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилдик. Мактабда иккита хорижий тил ва битта касб ўрганиш талабини қўйяпмиз. Мана бундай зиё масканлари, спорт мажмуалари қуриляпти. Буларнинг ҳаммаси бирлашиб, ҳаёт мактабига айланиши керак”, дейди Мирзиёев.
Шу боис, битирувчиларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастури амалга оширилади. Бу борада Наманган вилояти тажрибаси яратилади.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев водий вилоятларига уч кунлик сафарини якунлаб, Тошкент шаҳрига қайтиб келди.
LiveБарчаси