Мирзиёев Лола Муродова оиласига ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муродова бугун, 30 май куни 64 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев марҳумнинг оила аъзолари ва Фарғона вилояти фаолларига ҳамдардлик йўллади.

Бугун халқимиз оғир жудоликка учради.

Ўзининг бутун онгли ҳаёти ва фаолиятини она Ватанимиз равнақига, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига бағишлаган фидойи инсон, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати, таниқли жамоат арбоби Лолахон Муродованинг бевақт вафоти ҳақидаги хабар барчамизни чуқур қайғуга солди.

Бутун ҳаётини эл-юртга сидқидилдан хизмат қилишга, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада юксалтиришга бағишлаб, ўзининг ҳалол меҳнати, ғоят серқирра фаолияти билан халқимиз ўртасида жуда катта ҳурмат-эътибор қозонган бу фидойи инсон барчамиз учун чинакам ибрат намунасига айланган эди.

Лолахон опа деҳқончилик илмининг чуқур билимдони сифатида Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган қўриқ ерларни ўзлаштиришда катта жонбозлик кўрсатиб, қумлоқ ерларда пахта ва ғалладан юқори ҳосил олишга эришди.

У хўжалик раиси сифатида янги ерлар очиш, сув чиқариш, ҳосилдорлик салмоғини йилдан-йилга ошириш борасида кўплаб юқори натижаларни қўлга киритди. Кейинчалик ўзи бошчилик қилиб келган жамоа хўжалиги негизида “Нурли обод” фермер хўжалигини ташкил этиб, ўтган йиллар мобайнида фермерлик фаолиятида улкан ютуқларга эришди ҳамда мамлакат миқёсида энг илғор ва ташаббускор фермерлардан бири сифатида довруғ қозонди.

Айтиш жоизки, Лола Муродова ер билан тиллашган, ҳар бир бошоқ ғалла, ҳар бир чаноқ пахта билан сирлашган, аёл боши билан чўлларни обод қилган, умрини халқимизнинг дастурхонини тўкин-сочин қилишга бағишлаган заҳматкаш ва миришкор деҳқон эди.

Шу маънода, Лола опа қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз мактабини яратган ҳақиқий ўзбек деҳқон аёли тимсолига айланиб, давримизнинг чинакам қаҳрамони сифатида яшади.

Унинг босиб ўтган сермазмун умр йўли ҳақида у ҳаётлик давридаёқ кўплаб бадиий асарлар, фильм ва спектакллар, достонлар яратилди. Бу мўътабар аёл сиймосида чинакам фидойи ва заҳматкаш ўзбек хотин-қизларининг юксак ибрат намунаси намоён бўлди.

Лола Муродова давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари учун мустақиллик йилларида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган, 2019 йилда эса “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвонига сазовор бўлган эди.

У киши Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам ҳар томонлама фаол иштирок этди. 

Она Ватанга чексиз садоқат билан, сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиб, эл-юрт ўртасида катта обрў-эътибор қозонган Лолахон Муродованинг тантилик, камтаринлик каби олижаноб фазилатлари, ўз касбига туганмас меҳр-муҳаббати ва нурли сиймоси бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади.

Ушбу мусибатли кунда марҳумнинг барча оила аъзолари ва яқинларига ҳамда Фарғона аҳли фаоллари ва кенг жамоатчилигига чуқур таъзия билдириб, Яратгандан уларга сабр-тоқат тилаймиз.

Аллоҳ барчамиз учун қадрли бўлган Лолахон Муродованинг охиратини обод қилсин!

Чуқур қайғу билан,

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Лола Муродова

Баҳолаганлар

615

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг