Мирзиёев хорижий инвесторларга ўзи ва Ҳукумат кафил бўлишини айтди
Бизнес
−
24 Март 2022
8149Хориждан Ўзбекистонга бор-будини кўтариб, иш бошлайман, бизнес ташкил этаман деб келаётган инвесторга нима керак? Албатта, ишонч, кафолат ва ваъдага содиқлик. Бунда эса қарс икки йўлдан чиқади. Бугун, 24 март куни очилган Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев 56 давлатдан келган 1,5 мингдан ортиқ, аксарияти тадбиркор бўлган юқори мартабали меҳмонларга юзланиб, уларнинг Ўзбекистондаги фаолияти Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланишини айтди.
Давлат раҳбари ҳозирги замон бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтаётган, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этаётган бир давр эканлигини таъкидлади.
"Бизнес ва тадбиркорлик, халқаро иқтисодий алоқалар учун беқиёс имкониятлар очилаётган мана шундай шароитда сизларни қадимий цивилизация ва маданият маскани бўлган, бугунги кунда янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга таклиф қиламан.
Сизларнинг мамлакатимиздаги муваффақиятингизни таъминлаш Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланади", деди Шавкат Мирзиёев.
Президент анжуманнинг барча иштирокчиларига форум натижалари бўйича муҳим ва самарали келишувларга эришишни, келгуси ишларида эса янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилади.
Айни пайтда ялпи сессияда фикр алмашиш ва муҳокамалар давом этмоқда.
LiveБарчаси