Мирзиёев Хивадаги маҳаллада бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан танишди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Хива туманидаги "Истиқлол" маҳалласида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, "Истиқлол" маҳаллада 3 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Бу ерда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси, ёндош ҳудудда фермер хўжаликлари мавжуд. Одамлар асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади.

Маҳалла фаоллари Президентга одамларнинг турмуш тарзи, даромади, ёшларнинг муваффақияти ҳақида сўзлаб берди. Маҳаллада ишсиз аҳолини доимий ва мавсумий ишларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар билан индивидуал ишлаш тизими самара бермоқда. Ишсизларга деҳқончилик учун ер бериш тажрибасининг Хоразм учун аҳамияти катталиги айтилган.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилган.

Ушбу тизим вакиллари билан мулоқотда халқни рози қилишда маҳалла тизимидаги самарали фаолият, ҳамжиҳатлик муҳимлиги қайд этилди. Бунда қуйи бўғиндаги давлат вакиллари ўзларига берилган ваколатдан фойдаланиб, одамларни рози қилиши кераклиги таъкидланди.

Вилоятда ишсизликни камайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш доимий вазифа экани қайд этилган.

Президент маҳаллада яшовчи Собиржон Матжонов хонадонига ташриф буюрди. Оила бошлиғи қишлоқ хўжалиги илмини яхши билади. Хонадон соҳиблари мўъжазгина томорқада иссиқхона қуриб, қулупнай етиштиради. Шунингдек, уй шароитида балиқчиликни йўлга қўйган. Парвариш қилинаётган парранда – юздан ортиқ товуқ, мингга яқин бедана оилага қўшимча даромад келтирмоқда.

Суҳбатда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлиги, бунинг учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратилиши таъкидланди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг