Мирзиёев Халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус Россия Тинчлик жамғармаси томонидан илгари сурилган бўлиб, уларнинг халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида барқарор хавфсизликни таъминлаш, кўп қутбли дунё қуриш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ҳиссасига баҳо сифатида эътироф этилган.

Жамғарма раҳбари, Россия Давлат думасининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий бу номзодлик ҳақида мукофот ҳайъати аъзоларига хат йўллаган. Унда у 2025 йил 31 март куни Хўжандда ўтказилган тарихий саммитда имзоланган ҳужжатлар – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги шартнома минтақавий барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилишини қайд этган.

Слуцкий, шунингдек, бу уч лидернинг саъй-ҳаракатлари туфайли Евроосиё ҳудудида хавфсизлик таъминланаётгани, Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз макон яратиш ва минтақанинг туризм салоҳиятини ошириш бўйича мулоқот давом этаётганини билдирган.

Маълумот учун, ушбу мукофот уруш хавфини бартараф қилиш, халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида тенг хавфсизликни таъминлаш, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, кўп қутбли ва зўравонликдан холи дунё барпо этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолият учун берилади.

2024 йилда ушбу мукофот илк бор Африка Иттифоқига топширилган. Уни Иттифоқ номидан Комиссия раиси Муса Факи Маҳамат қабул қилган.

Мукофот ҳайъатига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари, BRICS, ШҲТ ва “Катта йигирмалик” давлатларидан таниқли жамоат арбоблари киради. Улар орасида француз жамоатчилик арбоби Пьер де Голль, Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиёни ўрганиш бўйича Хитой ассоциацияси вице-президенти Вэньфэй Лю, Африка Миллий Конгресси миллий ижроия қўмитаси аъзоси, Жанубий Африка Республикаси Миллий ассамблеяси депутати Линдиве Сисулу бор.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Халқаро тинчлик мукофоти Россия Тинчлик жамғармаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг