Мирзиёев Қозоғистонга боради

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукуматининг Telegram-каналида хабар берилди.

Қайд этилишича, кеча, 12 июль куни Олмаота шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари Олжас Бектенов ва Абдулла Арипов раислигида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 21-мажлиси бўлиб ўтган.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифи арафасида томонлар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган ва икки давлат раҳбарларининг келишувларини амалга ошириш тадбирларини кўриб чиққан. Хусусан, савдо-иқтисодий, сармоявий, сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларнинг ҳолати муҳокама қилинган.

Билдирилишича, Марказий Осиёдаги умумий савдо айланмасининг 57 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг 4 ойида унинг ҳажми 1,2 миллиард доллардан ошган. Саноат кооперацияси 3,1 миллиард долларлик 69 та лойиҳани амалга ошириш, 14,7 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар умумий қиймати 217 миллион долларлик 12 та қўшма лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, 4,5 мингга яқин иш ўрни яратилган. Айни пайтда 178 миллион долларлик 3 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

“Ўзбекистон биз учун дўст, қўшни, иттифоқчи ва қардош давлатдир. Икки мамлакат Давлат раҳбарлари ҳукуматларимиз олдига ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйди. Бу йўналишда биз агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат саноатида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси даражасини оширишдан манфаатдормиз”, дейди Олжас Бектенов.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик асосида жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

“Барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Бу қардош халқимиз манфаатларига тўла жавоб беради. Бундай юксак даражадаги ҳамкорликнинг муҳим омили, шубҳасиз, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлардир. Ишонаманки, бугунги учрашув ва эришилган келишувлар ҳамкорлигимизга қўшимча туртки беради”, дейди Абдулла Арипов.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Мажлисининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Ойгул Куспан шу йилнинг август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан бориб, Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида иштирок этишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made