Мирзиёев Қозоғистон Бош вазири билан учрашди
Жамият
−
10 Июнь 3362 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектеновни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Олжас Бектенов Ўзбекистон раҳбарига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Автосаноат, электротехника, тўқимачилик, металлургия, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзаро савдони кўпайтириш ва устувор тармоқларда, шу жумладан ҳудудлар даражасида саноат кооперациясининг узоқ муддатли дастурини шакллантириш бўйича икки мамлакат ҳукуматлари томонидан мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўрилиши муҳим экани қайд этилди.
Маълумот учун, бугунги форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда. Улар орасида Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Янги ривожланиш банки президенти Дилма Русеф, шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақаларидан келган нуфузли делегациялар ҳам бор.
Live
Барчаси