Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларини табриклади
Жамият
−
09 Декабрь 2023
8935Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларини Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан табриклади.
"Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди", дейилади табрик сўзида.
Шундан сўнг, Мирзиёев аграр соҳада эришилган ютуқларни санаб, бу йил тарихда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла, шунингдек, 3 миллион 800 минг тонна пахта, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 26 минг тонна пилла етиштирилганини эътироф этган.
"Жорий йилда дала меҳнаткашларига 10 минг 500 дан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар етказиб берилди. Соҳага рақамлаштириш жараёнлари, томчилатиб суғориш технологиялари, инновациялар жадал кириб бормоқда", дейди Президент.
Айниқса, "Ўзбекистон–2030" стратегиясида барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим вазифалар белгилангани, жумладан, ресурсларни тежайдиган инновацион технологиялар асосида маҳсулот таннархини 30-35 фоизга тушириш, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларни 1 миллион 500 минг гектарга етказиш, сифатли ва серҳосил навларни, зотдор чорва наслини кўпайтиришга, экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга устувор аҳамият берилгани қайд қилинди.
"Сиз, азизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, жонажон юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлидаги эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман. Хонадонларингизни хурсандчилик, тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака ҳеч қачон тарк этмасин!" дея табрик сўзини якунлаган Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь