Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши билан танишди (фоторепортаж)
Жамият
−
08 Апрель 2022
8743Хабарингиз бор, 2018 йил 15 июнь — Рамазон ҳайити куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги муборак Рамазон кунларида давлат раҳбари ушбу мажмуага яна ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу марказ ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдирки давом этмоқда. Мажмуа уч қаватли бўлиб, қадимий обидалар шаклида барпо этилган. Бино марказида улкан гумбаз, тўрт томонида симметрик пештоқлар қурилган. Бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу ишларни кўздан кечирган. Бинони пардозлашда қадимий мадрасалардаги белгилар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда. Давлат раҳбари мажмуани чиройли ва сифатли қилиб қуриш билан бирга мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
“Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қураяпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари Ислом цивилизацияси маркази халқнинг маънавий қудратини кўрсатиши қайд этилган.
“Ўтган йили Қашқадарёда “Ўзбекистон GTL” заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади”, дея таъкидлади Президент.
Қайд этилишича, давлат раҳбари деворлардаги равоқларнинг безак ва ёзувлари намуналари билан танишган. Дарвозалар тепасига тинчлик, илм, одобга чорловчи оятлардан ёзиш мақсадга мувофиқлигини айтган.
Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг таркибий қисмлари тўғрисида маълумот берилган.
“Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади. Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлади. Бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топади. Бинонинг марказида, 65 метр баландликдаги гумбаз остида Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусҳафи қўйилади. Бу зал атрофида яна 8 та – “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Илм-фан”, “Меъморчилик ва шаҳарсозлик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар” ҳамда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” бўлимлари жойлашади. Шунингдек, бу қаватда 550 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади”, дейилади хабарда.
Президент “Илм-фан” бўлимини кўздан кечирган. Аллома боболар меросини кенг ва таъсирчан тарғиб этиш бўйича тавсиялар берган. Давлат раҳбари учинчи қаватга чиқиб, кутубхона, Ислом академияси илмий кафедралари ва маъмурий хоналар намуналарини ҳам кўрган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь