Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази қурилишида тавсиялар берди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 29 январь, куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Президент марказнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Хабарга кўра, бугунги кунда бино тўлиқ қад кўтарган. Унинг марказида улкан шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилган.

Давлат раҳбари ҳар бир йўлак ва хонага кириб, уларни пардозлаш ва жиҳозлашга оид лойиҳаларни кўрди.

Қайд этилишича, марказнинг ички ва ташқи кўриниши, нақшлари юзасидан тавсиялар берилган. Хоналарни кўплаб сайёҳлар, делегациялар келиши, халқаро конференциялар ўтказилишини инобатга олиб замонавий жиҳозлаш, экспозицияни турли ёшдаги инсонларга мос ҳолда тайёрлаш зарурлиги таъкидландган.

Президент аввалги ташрифи чоғида Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун негиз бўлиши, бу ерда олимлар тадқиқот олиб бориб, талабалар билимини мустаҳкамлаши кераклигини айтган эди.

Шунга кўра, лойиҳа такомиллаштирилиб, марказда Халқаро ислом академиясининг магистрант ва докторантлари ўқиши учун шароит яратиш назарда тутилган.

Давлати раҳбари шу ерда олимлар, зиёлилар, нуронийлар ва маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

“Миллий ўзликни англаш деб кўп гапирамиз. Лекин шунга муносиб бўляпмизми, деган туйғу мени қийнайди. Ота боболаримиз қийин шароитларда, меҳнат-машаққат билан қандай буюк ишларни амалга оширган. Жадид боболаримизни ҳам бекорга қатағон қилишмаган. Чунки билишардики, илм, ғурур, давлатчилик бизнинг қонимизда бор. Бу ерда ҳамма буюк алломаларимизнинг овози эшитилиб туради”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, марказ жойлашган Олмазор туманидаги ҳар бир маҳалла ушбу маърифат масканига муносиб бўлиши, билим, тарбия жиҳатидан таклифларини бериши зарурлиги таъкидланган.

“Шуни амалга оширсак, ҳар бир маҳаллага Ислом цивилизацияси марказининг нури киради, юзимиз ёруғ бўлади”, дейди Президент.

Марказ қурилиши давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг