Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасида дарахт экди

Жамият

baas

Президент Шавкат Мирзиёев UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун бугун, 30 октябрь куни Самарқандга борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Мирзиёев, аввало, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилган. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилган.

Президент мажмуадаги сўнгги пардозлаш ишлари, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёнлари билан танишган.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мазкур мажмуа Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.

Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етди. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.

Давлат раҳбари янги масжиддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган.

Президент ҳар гал Самарқандга борганида мажмуанинг қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлайди.

Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилган. У ислом оламида муҳаддислар султони, дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилган.

Давлат раҳбари мамжуа фаолиятини сифатли ташкил этиш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган.

Эзгу ниятлар билан мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари ўтқазилган.

Маълумот учун, бугун, 30 октябрь куни Мирзиёев Словакия Президенти Петер Пеллегрини ва UNESCO Бош директори Одри Азуле билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Ўзбекистон Президенти UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлайди. Давлат раҳбарининг нутқида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини бугун, 29 октябрь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонга келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев UNESCO Имом Бухорий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг