Мирзиёев ИИВнинг Ситуацион-таҳлилий марказига борди

Жамият

image

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигининг Ситуацион-таҳлилий марказида бўлди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу мажмуа ички ишлар органларининг куч ва воситаларини ахборот технологиялари асосида бошқаришга ихтисослашган. Замонавий бино қурилиб, 554 террабайт хотирага эга 18 та сервер, катта ҳажмли кузатув экрани, компьютерлар билан жиҳозланган.

Марказда “102” тизими, видеокузатув камералари, интернет ва бошқа манбалардан келиб тушаётган маълумотлар автоматлашган тарзда йиғилади ва қайта ишланади. Қоидабузарлик автотранспортнинг давлат рақами ёки шахснинг юз қиёфаси орқали тезкор аниқланиб, қидирув ташкил этилади. Бу тизим сунъий интеллект ёрдамида ишлайди ва инсон омили минимал даражада. Булар орқали марказ бутун мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Президент марказдаги шароитларни кўздан кечирган, иш тизими билан танишган. Бу ерда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва шошилинч хизматлар маълумотларини интеграция қилиш зарурлигини таъкидлаган.

“Бу катта иш. Лекин қамров ва тезкорликни ошириш керак. Одамлар қачон ўзини хавфсиз, эркин сезади? Қачон турист кўпаяди? Жиноятчилик йўқ бўлса, хавфсизлигига ишонса, кўчада тартибдан тозаликкача - ҳаммаси таъминланган бўлса. Бунинг учун барча ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларини бир муштдек интеграция қилиш керак. Бу интеграция кириб борган ҳар бир тармоқ ходимларининг дунёқарашини ўзгартириш зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, ахборот технологиялари бўйича олий ўқув юртларида бу тизим учун кадрлар тайёрлаш, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимларида замонавий технологиялар билан ишлайдиган таҳлилчилар фаолиятини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган. Ички ишлар тизимида “инсон омилини истисно этувчи” электрон навбат, масофадан мурожаат каби онлайн хизматларни кенг жорий этиш вазифаси қўйилди.

Маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш, профилактика инспекторларининг кунлик иш фаолиятини режалаштириш ва мониторинг қилиш бўйича электрон тизим йўлга қўйиш топшириғи берилган.

Шу ерда Самарқанд вилоятида “Хавфсиз туризм” дастури доирасида йўлга қўйилган тизим намойиш қилинган. Давлат раҳбари ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва янги хизмат кийими намуналарини ҳам кўздан кечирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг