Мирзиёев Гутерришнинг ўринбосарларини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 апрель куни Самарқанд иқлим форуми доирасида БМТ Бош котиби ўринбосарларини алоҳида қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан билан суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва самимий тилакларини етказди

Давлат раҳбари комиссиянинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги муҳим ўрнини, шунингдек, транспорт, инновациялар, тўқимачилик, энергетика, экология ва гендер тенглик соҳаларида, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида кўрсатилаётган экспертлик кўмагини алоҳида қайд этди.

Минтақавий ва мамлакат миқёсидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил ноябрь ойида Баку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида билдирилган ташаббусларни амалий илгари суриш жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томонининг таклифига биноан СПЕКАнинг 2030 йилгача ривожланиш концепцияси қабул қилингани, ЕИК билан савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича “йўл харитаси” имзолангани, Транскаспий йўлаги доирасида рақамлаштириш ва ҳужжатлар алмашинуви бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошида комиссия кўмагида Ўзбекистон Аҳолининг экология ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотдан фойдаланиши тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилди. Ҳаво конвенцияси ва Саноат аварияларининг трансчегаравий таъсири тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. СПЕКА дастурининг Мақсадли жамғармасини тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.

БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Хабитат) ижрочи директори Анаклаудия Россбах учрашувда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу нуфузли институти билан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш борасида кўп қиррали шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

БМТнинг юқори даражали вакили Ўзбекистонда “ақлли” ва “яшил” шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган урбанизация соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолади. Шаҳарларни бошқаришга замонавий рақамли ечимларни жорий қилиш, “яшил” қурилиш стандартларини ишлаб чиқиш, шаҳар муҳитида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича махсус дастурни ишга тушириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистонда Бутунжаҳон тозалик кунини ўтказиш ва Тошкентда ташкилот офисини очиш масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорлик йўналишлари бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

БМТ Бош котибининг ўринбосари, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав билан учрашувда Ўзбекистон ва минтақада чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш соҳасида БМТнинг ушбу нуфузли тузилмаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

БМТ вакили Ўзбекистон раҳбарининг форумдаги нутқини юқори баҳолаб, иқлим таҳдидларига қарши курашиш бўйича илгари сурилган ташаббусларнинг долзарблиги ва Марказий Осиёнинг "яшил" тараққиёт концепцияси ўз вақтида тақдим этилганини таъкидлади.

Ўтган йил август ойида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ўрмонларни тиклаш бўйича резолюцияни бир овоздан маъқуллагани, шунингдек, ерлар деградациясининг олдини олиш бўйича миллий мақсадларни ишлаб чиқиш бошлангани мамнуният билан қайд этилди.

Тошкент шаҳридаги “Яшил” университет негизида Ерлар деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро илмий тармоқни ташкил этишга Конвенция экспертлари жалб қилиниши белгиланди.

Маълумот учун, бугун, 4 апрель куни Самарқанд халқаро иқлим форуми бўлиб ўтди. Форум ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан, Аҳоли пунктлари бўйича дастур ижрочи директори Анаукладия Россбах, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав ва бошқалар иштирок этди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Иштирокчилар орасида 2 мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар, жумладан, миллий ва глобал экологик ташкилотлар, халқаро тузилмалар раҳбарлари, экспертлар, олимлар ва журналистлар, бизнес вакиллари бор.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё олдида турган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинди, экологик барқарорлик, “яшил” иқтисодий тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Татьяна Молчан Самарқанд иқлим форуми Самарқанд саммити Анаклаудия Россбах Иброҳим Тиав

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг