Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига табрик йўллади
Спорт
−
30 Апрель
12222Кеча, 29 апрель куни Қатар яшил майдонларида ўтказилаётган футбол бўйича U-23 Осиё кубогининг ярим финал ўйинларида Индонезия билан куч синашган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучиб, Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққанди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан футболчиларга табрик йўллади.
“Шу кунларда Қатар давлатида футбол бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиб, бирйўла финал йўлланмаси ҳамда шу йил ёзда Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман”, дея бошланади Президент табриги.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг футбол тарихида биринчи марта эришилган бундай ёрқин ғалабани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатдаги барча спорт мухлислари, кўпмиллатли бутун халқ чексиз қувонч ва ғурур билан кутиб олганини урғулади.
“Зеро, бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди. Бу орзуни амалга ошириш айнан сизларга – Янги Ўзбекистоннинг навқирон фарзандларига насиб этгани билан ҳар қанча фахрлансангиз, арзийди”, дейди Президент.
Шунингдек, у ёшларнинг тажрибали мураббий ва мутахассислар раҳбарлигида мазкур мусобақага пухта тайёргарлик кўриб, ҳар бир ўйинда чинакам маҳорат, жасорат ва матонат намунасини кўрсатгани албатта юксак таҳсинга муносиб эканини таъкидлади.
“Осиё қитъасидаги энг кучли жамоалар билан қизғин курашлар остида бўлиб ўтган 5 та ўйинда ҳам жамоамиз дарвозасини дахлсиз сақлаб, рақиблар дарвозасига 14 та жавобсиз тўп киритганингиз ҳам футболимиз тарихида мисли кўрилмаган натижадир.
Ишончим комилки, сизлар бу ютуқдан янада руҳланиб, финал беллашувида “Осиё чемпиони” деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингизга ҳам чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Бутун Ўзбекистон халқи сизларга ҳамиша бахт ва омадлар, порлоқ ғалабалар тилайди, азиз болаларим!” дея якунланади Президент табриги.