Мирзиёев Фарғонадаги кечиктириб бўлмас 8 масалани санаб берди
Жамият
−
28 Сентябрь 2021
8818Бугун, 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод – амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғонада сайловчилар билан учрашув ўтказмоқда.
Унда Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Энахон Сиддиқова модераторлик қиляпти. Учрашув эса вилоятнинг Бағдод туманидаги янги аҳоли турар-жой массивида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев фарғоналиклар билан учрашувда вилоятда кечиктириб бўлмас, энг долзарб масалаларни санаб берди:
- Вилоят аҳолиси сони ва унинг ўсиш суръати бўйича мамлакатда энг юқори ўринларни эгаллайди (аҳоли сони 3 миллион 850 минг нафар). Бугунги кунда 20 мингга яқин оила уй-жойга муҳтож. Ҳар йили 30 мингдан зиёд янги оилалар ташкил бўлиши ҳам уй-жойга бўлган талабни оширмоқда.
- Сўх, Олтиариқ, Тошлоқ, Қувада ичимлик суви таъминоти даражаси 50 фоиздан паст. Риштон, Бешариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Ўзбекистон туманларида ҳам, аҳвол яхши эмас.
- Вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаган. Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизими кўп йиллар маблағ ажратилмагани оқибатида издан чиққан.
- 9 минг километр ички йўллар таъмирталаб аҳволда.
- Сўнгги беш йилда вилоятда электр энергияси истеъмоли 1,3 баробарга ошгани боис, электр тармоқлари, трансформатор ва подстанцияларнинг 40 фоизи таъмирга муҳтож.
- Аҳолининг 1 миллион нафарида турли хил сурункали касалликлар мавжуд (республика ҳудудлари орасида 1-ўрин).
- 236 та мактабнинг юкламаси қувватларидан анча юқори. Келгуси беш йилда ўқувчилар сони 62 мингтага кўпаяди.
- Вилоятда 160 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 50 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. 110 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас.
LiveБарчаси