Мирзиёев Эрон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Жамият
−
05 Апрель 2021
2612Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатда амиалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифни қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мураккаб шароитларга қарамай Ўзбекистон-Эрон муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.
Вазир Муҳаммад Жавад Зариф, ўз навбатида, самимий қабул учун Президентга миннатдорлик билдириб, Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Шунингдек, учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Эроннинг денгиз портларидан самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим экани таъкидланган.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб жиҳатлари, шу жумладан минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари муҳокама қилинган.
Хабарда қайд этилишича, Эрон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
LiveБарчаси