Ўзбекистон-Туркия Олинг қуда, беринг қуда
Таҳлил
−
08 Июнь
39230Туркия ва Ўзбекистон. Бу икки мамлакат орасидаги борди-келдилар, турли соҳалардаги стратегик ҳамкорлик 2016 йилдан кейин олдингидан анча ўзгарди. Мирзиёев Президент бўлгандан кейин Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очилди. Туркияни доим ўзимизга қардош, қондош, тилдош, диндош деб айтамиз.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ташрифларда рафиқаси Эмина Эрдўғанни ўзи билан олиб юради. Бу борди-келди Ўзбекистонга бўлса-ку гапирмаса ҳам бўлади. Лекин, барча ташрифларда ҳам Президентга ҳамроҳ бўлмайдиган Ўзбекистон биринчи хоними Туркияга сафарлардан қолмайди. Бу икки мамлакат раҳбарларининг нафақат ҳамкасб сифатида, балки оилавий борди-келдилари борлигидан дарак беради.
Масалан, 5 июнь куни Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Туркиянинг Анқара шаҳрига борган Ўзбекистон раҳбари ўзи билан рафиқаси Зироат Мирзиёевани ҳам олиб борди.
6 июнь куни эса Мирзиёев Анқарадаги аэрокосмик компанияга борди. Президентга компания маҳсулотлари намуналари, ишлаб чиқариш жараёни ва хорижий мамлакатлар билан илмий ҳамкорлик натижалари тақдимот қилинди.
1984 йилда ташкил этилган компания турғун ва айланма қанотли ҳаво техникаси, учувчисиз учиш қурилмалари ва сунъий йўлдошларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ва аэрокосмик тизимларни интеграциялаш соҳаларида Туркиянинг етакчи технология марказидир. 2023 йилда бу компания дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирган. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларни ташкил этади.
Ташриф давомида Ўзбекистон Президентига Туркия мудофаа саноатининг кенг турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа корхоналари фаолияти ҳам тақдимот қилинди. Авиация техникасининг намойиш парвозлари ҳам ўтказилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифининг биринчи кунидаги асосий тадбирлар куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтди. Мирзиёев Анқарадаги Президент саройида расмий кутиб олинди.
Давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокараларидан сўнг, Мирзиёев ва Эрдўған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда қайси масалалар муҳокама қилинганига бироздан кейин тўхталамиз. Ҳозир икки мамлакатнинг биринчи хонимларининг учрашувига назар солсак.
Эмина Эрдўған Зироат Мирзиёевани Миллий кутубхонага таклиф қилди. Етуклик институтлари томонидан қўлда тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилган
“Илдизлардан мерос” кўргазмасини зиёрат қилгандан сўнг, Мирзиёевага кўргазма кириш жойида турк қаҳваси тортилди. Ўзбекистон биринчи хонимига Мавлононинг “Маснавий” асари ўзбекча нашри совға сифатида тақдим этилди. Шундан сўнг улар “Фотиҳ Султон Меҳмет кўргазмаси”ни зиёрат қилишди.
Энди Президентларнинг учрашувига қайтсак. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошгани, икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилаётгани ва Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайгани муҳокама қилинди.
Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши икки мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, шу жумладан, Ўрта коридор имкониятларидан самарали фойдаланишдир.
Томонлар ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўғанни кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.
Шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланди.
Жумладан:
- Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим;
- Стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ҳуқуқий соҳада малака ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома.
Шунингдек, имтиёзли савдо, энергетика бозорини тартибга солишга оид икки томонлама ҳужжатлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни “Туркия Республикаси нишони” билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Туркиянинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған тантанали равишда топширди.
“Бугун, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланган кунда Туркия Республикасининг бундай юксак мукофотини олиш мен учун катта шарафдир. Ушбу мукофот халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, олий даражадаги ишончли мулоқот ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланишининг рамзидир”, деган Мирзиёев.
Маълумот учун, Туркия Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.
Ражаб Тойиб Эрдўған икки мамлакат раҳбари ўртасидаги учрашув муваффақиятли ўтгани, икки давлат ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштирадиган қадамлар муҳокама қилинганлигини ва тегишли йўналиш белгилаб берилганлигини айтди. Шунингдек, Ўзбекистон Туркиянинг оғир кунларида ҳам елкама-елка турганини айтиб, зилзила вақтини эслади.
Турли музокаралар якунига етганидан сўнг, Шавкат Мирзиёев ОАВ вакилларига баёнот берди. У ўзининг нутқида Ғазо масаласига алоҳида тўхталган.
“Тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт”, дейди Мирзиёев.
Президент Шавкат Мирзиёев Анқарада Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун берган баёнотида Ғазо секторида зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш ва Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади.
“Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёев ва Эрдўған Ислом динининг асл инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб қилиш, исломофобия ва радикализмга қарши курашишда, шунингдек, ўзбек заминида туғилиб ўсган ва мусулмон дунёсида юксак қадрланадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг бебаҳо маънавий меросидан самарали фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қилиш борасида якдил фикр билдирди.
Бугунгача Ғазода содир бўлаётган воқеаларга кескин муносабат билдириб келаётган Туркия раҳбари, бу учрашувда ҳам жим турмади.
Эрдўған, Мирзиёев билан икки томонлама ҳамкорликдан ташқари, дунё бошдан кечираётган бу қийин жараёнда минтақавий ва халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилингани ҳақида гапирди.
“Биз Фаластин масаласига Ўзбекистон билан бир хил нуқтайи назардан қараймиз. Ғазодаги мазлумларга зулмни тўхтатишга чақирувимизни яна бир бор такрорлаймиз. Мустақил Фаластин давлати ва Фаластинни қўллаб-қувватлагани учун Шавкат акамга миннатдорчилик билдираман. Уруш тугайди ва Ғазодаги биродарларимиз уларга керак бўлган инсонпарварлик ёрдамини олишига умид қиламиз. Адолат, қирғинларда Исроилга ўқ-дори ва қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиши керак, барча виждонли ва масъулиятли гуруҳлар кучларини бирлаштириб, зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақираман”, дейди Туркия раҳбари.
LiveБарчаси